(26) Гўзал амал қилганлар учун гўзал савоб ва зиёдалик бордир. Уларнинг юзларини қаролик ҳам, хорлик ҳам қопламас. Ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар. (Аллоҳга иймон келтириб, Унинг чақириғига лаббай деб жавоб бериб, яхши амалларни қилиб яшаган бандалар бу дунёда гўзал ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, бу дунёда қилган гўзал амаллари учун савоб оладилар, жаннатга дохил бўладилар.
(27) Ёмонликларни касб қилганларга эса ёмонликларига яраша ёмон жазо бўлур. Уларни хорлик қоплайдир. Улар учун Аллоҳдан бирор сақловчи ҳам бўлмас. Юзлари худди тун зулматидан бир парча ила қопланган каби бўлур. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар. Олдинги манзаранинг тамоман акси. Оятда бу дунёда гўзал амаллар эмас, ёмон амаллар қилганлар васф қилинаётир. Ёмонликлари туфайли улар бу дунёнинг ўзида ёмон ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, уларга: «»ёмонликларига яраша ёмон жазо бўлур».)
(28) У кунда барчаларини тўплаймиз. Сўнгра ширк келтирганларга: «Сизлар ҳам, шерик қилганларингиз ҳам жойингиздан қимирламангиз», деймиз. Бас, ораларини ажратамиз ва шерик қилинмишлар: «Бизга ибодат этмаган эдингиз.
(29) Биз билан сизнинг орангизда шоҳидликка Аллоҳ кифоядир. Биз, албатта, сизнинг ибодатингиздан ғофил эдик», дерлар.
(30) Ўша ерда ҳар бир жон ўзи қилиб ўтган ишдан сўралур-хабардор бўлур ва ҳақиқий хожалари Аллоҳга қайтарилурлар. Ҳамда ўзларича тўқиб чиқарган нарсалари улардан ғойиб бўладир.
(31) Сен: «Сизларни осмонлару ерда ким ризқлантирур? Ёки қулоқ ва кўзларингизнинг эгаси ким, тирикни ўликдан, ўликни тирикдан ким чиқарур? Ишнинг тадбирини ким қиладир?» деб айт. Улар, албатта: «Аллоҳ», дерлар. Бас, сен: «Тақво қилмайсизларми?» деб айт. (Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган даврдаги одамлар тушунчаси бўйича, ўсиб-ҳаракатланиб турган нарсалар тирик, ҳаракатсиз, ўсмай турган нарсалар ўлик ҳисобланар эди. Ана шу тасаввурга биноан қадимги тафсирчиларимиз «ўликдан тирикни чиқариш»га тухумдан қушни, уруғдан ўсимликни, данакдан дарахтни чиқаришни ва шунга ўхшаш ҳолатларни мисол қилиб келтирганлар. Ёки, аксинча, ҳамма ҳайвонлар тирик бола туғади, қушлар эса, жонсиз тухумни. Ўсиб етилган ўсимликдан жонсиз уруғ чиқади. Буларнинг ҳаммасини ким қилмоқда? Албатта, Аллоҳ!)
(32) Бас, мана шу Аллоҳ сизнинг ҳақ Роббингиздир. Ҳақдан сўнг нима бўладир? Магар залолат бўладир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?
(33) Шундай қилиб, фосиқлик қилганларга Роббингнинг сўзи ҳақ бўлди. Улар иймон келтирмаслар.