(62) Агар сени алдашни ирода қилсалар, бас, сенга Аллоҳ кифоя қиладир. У сени Ўз нусрати ва мўминлар билан қўллаган.
(63) Ҳамда уларнинг қалбларини бирлаштирган зотдир. Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Инсоният тарихида турли халқлар, қабила-уруғлар ва миллатларни Исломчалик бирлаштирган тузум ёки мафкура йўқ. Бўлмайди ҳам. Кишилар қалбидан Ислом муносиб ўрин олган жойларда ва замонларда миллатчилик, маҳаллийчилик ва тарафкашликнинг салбий кўринишлари тамоман йўқолган. (Бу масалалар халқлар бошига битган бало бўлгани ҳаммага маълум.) Чунки Ислом биродарлиги ирқ, насаб, тил, қабила, қавм асосида эмас, Аллоҳга муҳаббат асосида бўлади.)
(64) Эй Набий, сенга ва сенга эргашганлар мўминларга Аллоҳ кифоядир.
(65) Эй Набий, мўминларни жангга чорла! Агар сиздан йигирмата сабрли бўлса, икки юзтани енгадир. Агар сиздан юзта бўлса, куфр келтирганлардан мингтасини енгадир. Бу улар тушунмайдиган қавм бўлганларидандир.
(66) Энди Аллоҳ сизлардан енгиллаштирди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, агар сиздан юзта сабрли бўлса, икки юзтани енгадир. Агар сиздан мингта бўлса, Аллоҳнинг изни ила икки мингтани енгадир. Аллоҳ сабрлилар биландир. (Мусулмонлар доимо қувватли бўлиб туравермас эканлар, уларда заифлик ҳоллари ҳам учраб тураркан. Буни Аллоҳ таоло ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Шунинг учун аввалги оятда келган ҳукмни енгиллаштириб, заиф ҳолатида бир мусулмон жангчи иккита душманга ғолиб келишини таъкидламоқда. Шу билан бирга, номи мусулмон бўлса бўлди, деган тушунча уйғонмаслиги учун «Аллоҳнинг изни ила» шарти ҳам қўшиб қўйилди.)
(67) Набий учун ер юзида забардаст бўлмагунича асирлари бўлиши яхши эмас эди. Сизлар дунёнинг ўткинчи матоҳини истарсизлар. Аллоҳ эса, охиратни истар. Ва Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Ушбу ва кейинги ояти карималар Бадр урушида асирга тушган мушриклар масаласида нозил бўлгандир.)
(68) Агар Аллоҳнинг олдиндан ёзгани бўлмаганида, сизга олган нарсаларингиз туфайли улуғ азоб етар эди. (Аллоҳ таоло аввалдан Бадр урушида иштирок этган мусулмонларнинг барча гуноҳларини кечиб юборган эди. Шунинг учун уларнинг бу холатлари ҳам олдиндан ёзиб қўйилган қазои қадарга биноан кечиб юборилди. Бунинг устига, уларга бошқа инъомлар ҳам берди.)
(69) Бас, ўлжага олган нарсаларингиздан ҳалол-пок ҳолда енглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир.