(54) Сен: «Аллоҳга итоат қилинглар, Пайғамбарга итоат қилинглар. Бас, агар юз ўгириб кетсангиз, у(Пайғамбар)га ўзига юклатилган нарса, сизга ўзингизга юклатилган нарса. Агар унга итоат қилсангиз, ҳидоят топурсиз. Пайғамбарнинг зиммасида очиқ-ойдин етказишдан бошқа нарса йўқ», деб айт.
(55) Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар. Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар, ўзлари фосиқлардир. (Олдинги ўтган умматлардан қайси бири Аллоҳ таолога иймон келтирган ва бу иймони ҳақиқий бўлиб, бутун вужудини қамраб олган ҳамда ўша ҳақиқий иймонлари тақозоси ила солиҳ амаллар қилиб ҳаёт кечирган бўлса, Аллоҳ таоло уларни ер юзига Ўзининг халифаси этиб тайинлаб қўйган эди. Ер юзида ҳукми юритилиши учун уларни Ўзига ўринбосар қилиб қўйган эди. Энди ўшалар каби ер юзида халифа бўлиш имконияти фақат Муҳаммаднинг (с. а. в.) умматларида бордир. Уларнинг мазкур халифаликка эришишлари учун асосий шарт–иймон келтириб, амали солиҳ қилишдир. Ислом уммати қачон ушбу шартни бажарганида, Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиққан.)
(56) Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Пайғамбарга итоат қилинглар. Шоядки раҳм қилсангиз.
(57) Сен куфр келтирганларни ер юзида қочиб қутула олгувчилардир, деб ҳисоблама! Уларнинг жойи дўзахдир. У нақадар ёмон борар жойдир!
(58) Эй иймон келтирганлар! Қўлингизда мулк бўлганлар ва ўзингиздан балоғатга етмаганлар сиздан уч вақтда изн сўрасинлар: бомдод намозидан олдин, пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан сўнг. (Ушбу) уч вақт, сиз учун авратдир. Улардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ. Улар сизнинг атрофингизда, бир-бирингизга айланиб турувчидирсиз. Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир. (Ушбу ояти каримада зикри келаган шахслар уч вақтда, албатта изн сўрашлари керак: «... бомдод намозидан олдин...» Чунки бу вақтда одам ҳали ўрнида ётган бўлади. «... пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда...» Қуръон нозил бўлган иссиқ ўлкаларда пешин вақтида ечиниб, салқинлаб, дам олмасликнинг ҳеч иложи йўқ. «... хуфтон намозидан сўнг». Бу вақтда ҳам кишилар ечиниб, дам олаётган бўлади. «(Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир». Яъни, авратлар очиладиган вақтдир. Шунинг учун қул ва чўрилар ҳам, балоғатга етмаган ёш болалар ҳам изн сўраб кирсинлар. Одатда хизматчилар ва ёш болаларнинг кириб чиқишлари кўп бўладиШунинг учун мазкур аврат вақтларидан бошқасида изн сўрамай киришларига рухсат берилди.)