(96) Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур.
(97) Бас, албатта, тақводорларга хушхабар беришинг ва у билан саркаш қавмларни огоҳлантиришинг учун у(Қуръон)ни тилингга осон қилдик.
(98) Улардан олдин қанчадан-қанча аср(аҳли)ни ҳалок қилдик. Улардан бирортасини ҳис этасанми ёки шарпасини эшитасанми?!
طه Taa-Haa
(1) Тоҳо.
(2) Сенга Қуръонни бадбахт бўлишинг учун нозил қилганимиз йўқ.
(3) Магар қўрққан кимсаларга эслатма бўлиши учун.
(4) У ерни ва юксак осмонларни яратган зотдан нозил бўлгандир.
(5) У–Роҳман Аршни эгаллади. (Роҳман сифатининг соҳиби Аллоҳ Аршни эгаллади. Аршни эгаллашининг эса, ўхшаши йўқ, мисли йўқ, шакли ҳам йўқ. Унинг эгаллаши ўзига хос.)
(6) Осмонлардаги нарсалару ердаги нарсалар, уларнинг орасидаги нарсалару ер остидаги нарсалар Уникидир.
(7) Сен агар сўзда овозингни юксалтирсанг ҳам. Бас, албатта, у сирни ҳам, махфийни ҳам билгувчидир.
(8) Аллоҳ–ундан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқ зотдир. Гўзал исмлар Уникидир.
(9) Сенга Мусонинг хабари келдими?
(10) У оловни кўрган чоғида ўз аҳлига: »Туриб туринглар, мен оловни кўрдим, шояд сизга ундан чўғ келтирсам ёки олов бошида йўл кўрсатувчини топсам«, деди. (Ояти каримада Мусо алайҳиссалом Мадяндан Мисрга келаётганларида рўй берган ҳодиса баён этилмоқда.)
(11) Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо.
(12) Албатта, Мен Ўзим сенинг Роббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан».