(71) Эй аҳли китоблар, нимага ҳақни ботилга аралаштирасизлар ва билиб туриб ҳақни яширасизлар?! (Аҳли китоблар Исломнинг ҳақлигини биладилар. Уларнинг илоҳий китобларида бу собит бўлган. Лекин улар ҳавою нафсларига учиб, куфр келтирадилар. Кўриб-билиб туриб, Исломдек ҳақ нарсани ботилга аралаштирадилар ва шу билан Исломнинг ҳақиқатини беркитмоқчи, йўқотиб юбормоқчи бўладилар. Узоқ муддат мобайнида Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлагани учун Қуръонга ўз ботилларини қўша олмадилар, лекин бошқа ҳамма нарсага қўшдилар ва қўшмоқдалар. Улар бу ғараз ила Ислом тарихи, ҳадис, Қуръон тафсири, кишилар сийрати каби илмларга ҳийла-найранг орқали турли ботилларни қўшиб келдилар. Ҳозирги кунда ҳам турли илмий номлар билан ўша қадим ишларини қилмоқдалар. Аллоҳ таоло меҳрибон, доимо уларнинг бу кирдикорларини фош этиб, ботилларини ажратиб-чиқариб турадиган уламоларни мусулмон умматига бериб туради.)
(72) Аҳли китоблардан бир тоифалари: «Иймон келтирганларга тушган нарсага куннинг аввалида иймон келтиринглар ва куннинг охирида куфр келтиринглар, шоядки қайтсалар.
(73) Ва динингизга эргашганлардан бошқаларга ишонманглар, токи бирортага сизга берилганга ўхшаш нарса берилмасин ёки Роббингиз ҳузурида сиз билан ҳужжат талашмасин», дейдилар. Сен: «Албатта, ҳақиқий ҳидоят Аллоҳнинг ҳидоятидир», деб айт. Сен: «Албатта фазл Аллоҳнинг қўлида–хоҳлаган кишисига беради. Аллоҳ кенг қамровли, билувчи зотдир.
(74) Ўз раҳматини хоҳлаган кишисигахос қилади ва Аллоҳ улуғ фазл эгасидир», деб айт. (Бундай усул ҳозир ҳам давом этмоқда. Аҳли китоб саналган яҳудий ва насронийлар ҳақида, улар бир нарсани чуқур тушунмаса, амал қилмайди, деган тушунча кенг тарқалган. Шу боис улардан бирортаси Исломга кирса, бутун мусулмон олами қувончдан терисига сиғмай кетади. Улар орасида Исломга холис кириб, ҳидоят топиб кетаётганлари кўп, лекин юқорида баён этилганидек, ҳийла қилиб, Исломга зарар етказиш мақсадида куннинг аввалида иймонга келиб, охирида куфрга қайтаётганлари ҳам йўқ эмас.)
(75) Аҳли китоблардан, агар ҳисобсиз молни омонат қўйсангиз, уни сенга адо қиладиганлари бор ва бир динорни омонат қўйсанг, устида туриб олмагунингча, сенга адо қилмайдиганлари ҳам бор. Бу уларнинг, омийлар учун бизнинг устимизга йўл йўқ, дейишларидандир. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзлайдилар.
(76) Йўқ! Балки ким аҳдига вафо қилса ва тақводор бўлса. Бас, Аллоҳ тақводорларни хуш кўради.
(77) Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар, албатта, ана ўшаларга охиратда насиба йўқдир, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва покламас. Уларга аламли азоблар бор.