(89) Ким яхшилик қилса, унга ундан кўра яхшироқ (мукофот) бўлур. Ҳамда улар ўша куннинг даҳшатидан омондадирлар.
(90) Ким ёмонлик қилса, бас, юзтубан дўзахга ташланурлар ва: «Сизларга фақат қилган амалларингиз жазоси берилмоқда, холос», (дейилур).
(91) Мен ушбу шаҳарнинг Робби, уни ҳаром қилган зотга ибодат қилишга амр этилдим, холос. Ҳамма нарса Уникидир. Ва мусулмонлардан бўлишга амр этилдим.
(92) Ва Қуръонни тиловат қилишга (амр этилдим). Ким ҳидоят топса, фақат ўзи учун ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, унга: «Мен огоҳлантиргувчиларданман, холос», дегин.
(93) Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин! У сизларга ўз оят-мўъжизаларини кўрсатур. Сиз уларни кўриб, танийсиз», деб айт. Роббинг қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.
القصص Al-Qasas
(1) То. Сийн. Мийм.
(2) Ушбулар очиқ-ойдин китоб оятларидир.
(3) Иймон келтирадиган қавм учун сенга Мусо ва Фиръавннинг хабаридан ҳақ ила тиловат қилиб берамиз.
(4) Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетди. У (ўша ер)нинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифасини эзар, ўғилларини сўйиб, қизларини тирик қолдирарди. Албатта, у бузғунчилардан бўлган эди. (Ушбу ояти каримадаги: «Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетди», дегани Фиръавн бутун ер юзига ҳоким бўлган экан, деган маънони эмас, балки Миср ерида «баланд кетди»–такаббурлик қилди, туғёнга кетди, ҳаддан ошди, каби маъноларни беради. Ўзи ҳоким бўлган ер аҳолисини бўлиб ташлаш ҳар бир фиръавннинг одати.)
(5) Биз эса, ер юзида эзилганларга беминнат неъмат беришни, уларни пешво қилишни ва уларни ворислар қилишни.