(122) Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритамиз. Унда абадий–бардавом қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Аллоҳдан ростгўйроқ зот борми? (Банданинг жаннатга кириши учун иймон ва яхши амаллар бўлиши шарт. Иймонсиз ҳолда қилинган ҳар қанча яхши амалларнинг фойдаси бўлмайди. Иймони бўлиб туриб яхши амалларни қилган бандалар фақат жаннатга кириш билан кифояланиб қолмайдилар. Балки жаннатда абадий–бардавом қоладилар. Бу эса, шайтоннинг дўстлари дўзахда абадий–бардавом қолишларининг муқобилигадир.)
(123) Сизларнинг хом хаёлингизчга ҳам эмас, аҳли китобларнинг хом хаёличга ҳам эмас. Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир. Ва ўзига Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмас.
(124) Эркакми, аёлми–ким мўмин бўлган ҳолда яхшиликлар қилса, ана ўшалар жаннатга кирарлар ва уларга қилча ҳам зулм қилинмас. (Яхши амалларнинг мукофотини беришда эркагу аёлдан баробар иймон шарт қилиниб қўйилади. Иймон бўлмаса, бўлмайди. Иймони бўлиб туриб, яхши амалларни қилган ҳар бир эркагу аёл, ким бўлишидан қатъий назар, жаннатга кирадилар. Уларга бу дунёда қилган амалларининг мукофотини қилича ҳам қолдирилмай берилади.)
(125) Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди. (Ушбу оятдаги савол бир нарсани билиш учун берилаётган савол эмас. Балки бор нарсани иқрор қилиш учун айтилаётган тасдиқ саволидир. Қилган яхши амалнинг қабул бўлишига иймон қанчалик шарт бўлса, ихлос ҳам (яъни, ишни Аллоҳнинг розилиги учун ихлос билан адо этиш) шунчалик шартдир. Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати–дини Ислом эди. Аллоҳ таоло бошқа оятларда ҳам бу ҳақиқатни баён этган. Демак, оятда Исломдан ўзга ҳақиқий дин йўқ, дейилмоқда ва бу динга одамларни янада қизиқтириш учун Иброҳим алайҳиссаломни Аллоҳ таоло Ўзига дўст тутганини таъкидламоқда.)
(126) Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳга хосдир ва Аллоҳ ҳар бир нарсани ихота қилган зотдир.
(127) Сендан аёллар ҳақида фатво сўрарлар. Сен: «Аллоҳ сизга улар ҳақида ва китобда тиловат қилинадиган, сиз уларга тайин қилинган нарсани бермай никоҳига рағбат қилганингиз аёллар ҳақида, заифҳол болалар ҳақида ва етимларга адолат қилмоғингиз ҳақида фатво беради», деб айт. Аллоҳ қилган ҳар бир яхшилигингизни билувчи зотдир.