(30) Ҳар бир жон қилган яхши амалини ҳозир топадиган ва ёмон амалини эса, у билан ўзи орасида узоқ масофа бўлишини истайдиган кунда. Аллоҳ сизларни Ўз(азоб)идан огоҳ қиладир. Аллоҳ бандаларига меҳрибон зотдир. (У кунда ҳар бир жоннинг яхшилигию ёмонлиги охиригача сарҳисоб қилинади. Агар банданинг бу дунёдаги амаллари яхши бўлса, хурсандчиликка, бахтга, саодатга эришади. Ёмон бўлса, қани энди ушбу ёмон амаллар олис-олисларда бўлса эди, менга яқин бўлмаса эди, деб орзу қилади.)
(31) Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт.
(32) Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг. Бас, агар ортга қайтсангиз, Аллоҳ, албатта, кофирларга муҳаббат қилмас.
(33) Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Оли Иброҳимни, Оли Имронни оламлар устидан танлаб олди.
(34) Баъзилари баъзиларига зурриётдир. Аллоҳ эшитувчи, билувчи зотдир. (Ушбу 33-оятда Аллоҳ таоло Одамни ва Нуҳ алайҳиссаломларнинг ёлғиз ўзларини Иброҳим ва Имрон алайҳиссаломларни эса, сулолаларини ҳам қўшиб зикр қилди. Нега? Чунки Одам ва Нуҳ алайҳиссаломлар ёлғиз ўзлари Пайғамбар бўлганлар. Иброҳим ва Имрон алайҳиссаломлар зурриётларидан бевосита Пайғамбарлар сулоласи тарқалган. Бу насаб ёки қариндошлик асосидаги Пайғамбарлик сулоласи эмас, балки ақида асосидаги сулоладир. Бу ҳақиқат Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга илтижо қилиб, зурриётларидан ҳам Пайғамбар чиқаришини сўраганларида баён қилинган.)
(35) Имроннинг хотини: «Эй Роббим! Албатта, мен қорнимдагини холис Ўзингга назр қилдим. Бас, мендан қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деганини эсла!
(36) Уни (Марямни) туққан чоқда: «Эй Роббим, мен буни қиз туғдим-ку!!» деди. Ҳолбуки, Аллоҳ нима туққанини яхши билади. «Ва ўғил қиздек эмас. Ва мен унга «Марям» деб ном қўйдим ва, албатта, мен сСндан унга ва унинг зурриётига шайтонир рожим шарридан паноҳ тилайман».
(37) Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар қачон унинг олдига, меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди. У: «Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди. Ул: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ беради», деди. (Шундай қилиб, Марям алоҳида эътибор остида муборак бўлиб ўса борди. Аллоҳ унга Ўзи иноят кўрсатиб турди. Закариё алайҳиссалом Марямнинг кафили сифатида, табиийки, унинг озиқ-овқати, ризқидан доимо хабардор бўлиб туриши лозим. Лекин ибодатхона меҳробида ибодат билан машғул бўлиб турган Марямнинг олдига қачон кирса, унинг ҳузурида ризқ турар эди.)