(270) Қилган нафақангизни ёки назрингизни Аллоҳ, албатта, билади. Золимларга ёрдамчилар йўқдир.
(271) Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. (Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига тоат ошкора кўринади ва ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлиги олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, уни махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади. Садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.)
(272) Уларни ҳидоятга солиш сенинг зиммангда эмас. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ҳидоятга бошлар. Нафақа қилган яхшиликларингиз ўз фойдангизга. Қилган нафақангиз, фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир. Нафақа қилган яхшиликларингиз ўзингизга тўлалигича қайтарилур. Сизларга зулм қилинмас.
(273) (Садақа ва хайру-эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида касб қилишга қодир бўлмаган, иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар. Нафақа қилган яхшиликларингизни, албатта, Аллоҳ билгувчидир. (Бу тоифадаги одамлар ўзларини Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга бағишлаган кишилардир, улар нафсларини жиҳод учун тутганлар, шу сабабдан касб қилишга ҳам имконлари йўқ. Айни чоқда, иффатлари, уятлари кучли бўлганидан ўзларининг ҳожатманд эканликларини яшириб юрадилар. Асл ҳолни билмаган одам уларни сиртларидан кўриб бой деб ўйлайди. Нафақани худди ана ўшаларга қилиш керак. Улар ўзлари асл ҳолларини беркитсалар, одамлардан хиралик билан тиланмасалар, қандай қилиб топамиз уларни? «Уларни сиймоларидан танийсан».)
(274) Кечасию кундузи молларини нафақа қиладиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар. («Кечасию кундузи» дейишдан мурод ҳамма вақт назарда тутилмоқда; «молларини» деган сўз замирида эса, ҳамма тур моллар ва ҳамма тур эҳсон қилувчиларга ишора бор. Уларнинг ажрлари энг олиймақом жойда–Роббилари ҳузурида эканлиги таъкидланмоқда.)