(73) Ва Аллоҳдан ўзга уларга осмонлару ердан ҳеч бир ризққа молик бўла олмайдиган ва ҳеч нарсага қодир бўла олмайдиган нарсаларга ибодат қиладиларми? (Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган ўша нарсаси нима эканини ўйлаб кўрмайдими? Нима учун унга сиғиняпти ўзи? Ахир, сиғинаётган нарсаси унга бирор ризқни бера олмайди-ку?! У нарса ризқ ҳам, неъмат ҳам беришга қодир эмас-ку! Хўш, ризқ беришга қодир бўлмаган, ҳеч бир ризқ бера олмайдиган нарсага нима учун ибодат қилади?! Эй мушриклар!!!)
(74) Аллоҳга зарбул масал келтирманглар! Албатта, Аллоҳ биладир. Сизлар эса, билмайсизлар.
(75) Аллоҳ ҳеч нарсага қодир бўлмайдиган мамлук-қул билан Биз уни яхши ризқ ила ризқлантирган ва ўшандан махфий ва ошкоро инфоқ қиладиган кимсани зарбул масал қиладир. Улар тенг бўладиларми? Ҳамду сано Аллоҳгадир. Лекин кўплари билмаслар. (Ушбу мисол ояти карима нозил бўлган жойдаги араб жоҳилий жамияти воқеълигидан олингандир. Исломни инкор этиб, Аллоҳга ширк келтираётганларнинг бошлиқлари Қурайшнинг зодагон-бойлари эди. У даврдаги бойларнинг мамлук-қуллари бор эди. Бу қуллар эгасига мулк, ўзлари ҳеч нарсага ҳақсиз бир жонзот эди. Кўп ризқу рўзга эга бўлиб, ҳаммага хайру эҳсон қилаётган хўжайин билан унинг ҳеч нарсаси йўқ мамлук қули тенг бўладими? Албатта, тенг эмаслар. Демак, ҳамманинг холиқи ва розиқи Аллоҳ таоло билан ҳеч нарсага қодир бўлмаган, мушриклар ибодат қилаётган бутлар ҳам тенг бўла олмайдилар.)
(76) Аллоҳ икки кишини зарбул масал келтирди. Бири соқов, ҳеч нарсага қодир бўлмайдир. У ўз хожасига юкдир. Қаерга юборса ҳам, яхшилик келтирмайдир. Ўша одам билан ўзи тўғри йўлда туриб, бошқаларни адолатга амр қиладиган киши баробар бўларми?
(77) Осмонлару ернинг ғайб(илм)и Аллоҳникидир. Соат(қиёмат) иши эса, кўз очиб-юмгандек ёки ундан ҳам яқинроқдир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
(78) Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. У сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз. (Дунёда фақат инсон боласигина жуда ожиз ҳолда туғилади. Бошқа ҳайвонларнинг болалари туғилгандан бир оз ўтиб, ҳаракатга тушади, ўзи юради, онасини эмади ва бошқа ҳожатларини чиқаради. Инсон боласи эса, йиғидан бошқа ҳеч нарсани билмай тураверади. Ҳар бир нарсани унга соат, кун, ҳафта, ой эмас, балки йил давомида ўргатиш керак. Ўша ўрганиш ҳам Аллоҳ берган хусусиятлар билан бўлади.)
(79) Осмон бўшлиғидаги беминнат, бўйсундирилган қушларга қарамайдиларми? Уларни фақатгина Аллоҳ ушлаб туради, холос. Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.