(120) Сендан яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам уларнинг миллатига эргашмагунингча ҳеч-ҳеч рози бўлмаслар. «Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти ҳақиқий ҳидоятдир», деб айт. Агар сенга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавои нафсларига эргашсанг, сени Аллоҳдан (қутқарувчи) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир.
(121) Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалари унга иймон келтиради. Ким унга куфр келтирса, ана ўшалар, ўзларигина ютқазганлардир. (Агар яҳудийлар ҳақиқий Тавротни инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқисалар, Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш зарурлигини тушуниб етадилар. Насронийлар ҳам Инжилни бузмасдан, инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқисалар, Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш зарурлигини англаб етадилар. Кимки Қуръони Каримни инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқиса, унга иймон келтириш зарурлигини тушуниб етади.)
(122) Эй Бани Исроил, сизга берган неъматларимни ва Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг!
(123) Бир жон бошқа жондан ҳеч нарсани адо қила олмайдиган, ундан шафоат қабул қилинмайдиган, ундан тўлов олинмайдиган ва уларга ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинг!
(124) Иброҳимни Роббиси калималар ила синаб кўрганда, у уларни батамом адо этганини эсла! У зот: «Мен, албатта, сени одамларга имом қилмоқчиман» деди. У: «Зурриётимдан ҳамми?» деди. У зот: «Золимлар аҳдимга ҳеч қачон эриша олмайдилар», деди.
(125) «Уй»ни одамлар учун масаба ва омонлик жойи қилганимизни эсланг. Ва Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг. Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар», деб амр қилдик. («масаба» зиёрат қилиб тўймайдиган макон.)
(126) Иброҳимнинг: «Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин», деганини эсла. У зот: «Ким куфр келтирса, озгина ҳузур бахш этаман, сўнгра дўзах азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон жой!» деди. (Ушбу оятда иккинчи марта, энди Иброҳим алайҳиссалом тилларидан, Байтуллоҳнинг омонлик маскани бўлиши хабари келяпти. Аммо, одобли, сермулаҳаза Пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом аввалги дарсдан сабоқ олиб, Аллоҳнинг мукофотини бу гал ҳаммага эмас, балки мўминларгагина сўрамоқдалар. Асосий қоида эса ўзгармасдир: «Ким куфр келтирса, озгина ҳузур бахш этаман, сўнгра дўзах азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон жой!» «Озгина ҳузур» кофирлар учун бу дунёда бериладиган зоҳирий ҳузурдир. Сўнгра эса, охиратда уларни дўзах азоби кутади.)