(13) Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос.
(14) Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт.
(15) Албатта, (қиёмат) соати келгувчидир. Ҳар бир жон саъйи-ҳаракатига яраша жазо олиши учун уни махфий тутурман.
(16) Ҳаргиз сени унга иймон келтирмайдиганлар ва ҳавойи нафсига эргашганлар ундан тўсмасинлар. У ҳолда ҳалок бўласан».
(17) «Эй Мусо, қўлингдаги нима?»
(18) У: «Бу асоимдир, унга суянаман, у билан қўйларимга (барг) қоқиб бераман ва унда менинг бошқа ишларим бор», деди.
(19) У зот: «Эй Мусо, уни ташла», деди.
(20) Бас, уни ташлади. Бирдан у(асо) илон бўлиб юра бошлади.
(21) У зот: «Уни ол, қўрқма. Биз уни аввалги ҳолига келтирамиз.
(22) Қўлингни қўлтиғингга тиқ, ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқади. Бу бошқа бир мўъжизадир. (Қўл оппоқ бўлди, аммо бу оқликда ёмонлик йўқдир. Яхшилик бор. Жуда чиройли бўлиб кўринади. Бундай бўлиши сенинг Пайғамбар эканлигингни тасдиқловчи асодан кейинги яна бир мўъжизадир.)
(23) Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун(шундай қилдик).
(24) Сен Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди», деди.
(25) У: «Эй Роббим, менинг қалбимни кенг қил.
(26) Менинг ишимни осон қил.
(27) Тилимдаги тугунни ечгин.
(28) Сўзимни англасинлар.
(29) Менга ўз аҳлимдан бир вазир қилиб бер.
(30) Оғам Ҳорунни.
(31) У билан белимни қувватла.
(32) Уни ишимга шерик айла.
(33) Сенга кўп тасбиҳ айтишимиз учун.
(34) Ва Сени кўп зикр қилишимиз учун.
(35) Албатта, Сен Ўзинг бизни кўриб турувчи эдинг», деди.
(36) У зот: «Эй Мусо, сенга сўраганинг берилди», деди. (Бир оғиз гап билан ҳал қилиб қўйди. Нимани сўраган бўлсалар, берди.)
(37) «Батаҳқиқ, Биз сенга бошқа марта ҳам неъмат берган эдик. (Яъни, ҳозир берган неъматларимиздан бошқа ҳам неъмат берган эдик.)