(43) Улардан сенга назар соладиганлари ҳам бор. Агар ўзлари (қалб кўзлари ила) кўрмасалар, кўрларни сен ҳидоят қила олурмисан?!
(44) Албатта, Аллоҳ одамларга ҳеч зулм қилмас, лекин одамлар ўзларига зулм қилурлар. (Уларнинг энг катта зулмлари Ислом динига юрмасликларидир.)
(45) Уларни тўплайдиган кунда худди наҳордан бир соатгина турганга ўхшаб бир-бирлари билан танишурлар. Батаҳқиқ, Аллоҳнинг мулоқотини ёлғонга чиқарганлар ва ҳидоят топганлардан бўлмаганлар зиён қилурлар.
(46) Ёки сенга уларга ваъда қилганимизнинг баъзисини кўрсатамиз, ёки сени вафот эттирамиз. Бас, уларнинг қайтишлари Бизгадир. Сўнгра нима қилаётганларига Аллоҳ шоҳиддир.
(47) Ҳар умматнинг ўз Пайғамбари бордир. Қачонки уларга Пайғамбарлари келса, ораларида адолат ила ҳукм чиқарилур. Уларга зулм қилинмас.
(48) Улар: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, бу ваъда қачон бўладир?» дерлар.
(49) Сен: «Мен ўзим ҳам на зарарга ва на фойдага молик эмасман. Магар Аллоҳ нимани хоҳласа (шу бўладир). Ҳар умматнинг ўз ажали бор. Ажаллари келган вақтда бир соатга орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар», деб айт. (Гапнинг хулосаси шу. Бировга зарар ёки фойда етказиш фақат Аллоҳнинг иши. Агар Расулуллоҳ (с. а. в.) ўзларига на зарар, на фойда етказа олмасалар, демак, ўзгаларга ҳам етказа олмасликлари турган гап. Лекин улар ҳадеб у зотдан ваъда қилинган азоб қачон келишини сўрайверадилар. Ажал келган соатнинг айни ўзида ҳалок бўладилар. Бунга ўтган умматлар, хусусан, Қуръони Каримда зикри келган умматлар ёрқин мисолдир. Баъзи уламоларимиз, умматларнинг ҳалокати фақат жисмоний бўлиши шарт эмас, маънавий ҳалокат ҳам шунга киради, дейдилар.)
(50) Сен: «Хабар беринг-чи, агар Унинг азоби сизларга кечаси ёки кундузи келса, жиноятчилар унинг нимасига шошилмоқдалар?» деб айт.
(51) У воқеъ бўлганидан сўнг унга ишондингизми? Энди-я?! Уни тезроқ келсин, деб шошилаётган эдингиз-ку?! (Азобнинг тушиши муқаррар. Қачон бўлса ҳам, барибир тушади. Ана ўша вақтда мушрик ва кофирларга юқоридаги сўзлар айтилади.)
(52) Зулм қилганларга: «Мангу азобни тортинглар. Фақат касб қилганингизга яраша жазо олурсизлар, холос», дейилур. (Улар бу дунёда қилган зулмлари–Аллоҳга иймон келтирмаганлари учун қилмишларига яраша жазо оладилар, дўзахда мангу қоладилар.)
(53) Улар сендан: «У ҳақми?» деб сўрарлар. Сен: «Ҳа, Парвардигорим ҳаққи, албатта, у ҳақдир ва сизлар қочиб қутулувчи эмассизлар», деб айт.