(4) У осмонлару ерни олти кунда яратиб, сўнгра аршни эгаллаган зотдир. Ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам унга нима чиққанини ҳам биладир. У қаерда бўлсангиз ҳам сиз билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир. («Истиво» луғатда кўтарилиш, ўрнашиш ва эгаллаш маъноларини билдиради. Лекин Аллоҳга нисбатан бу маъноларни биз тушунгандай ҳолатда ишлатиб бўлмайди. Шунинг учун, ҳамма нарсани яратгандан сўнг Аллоҳ уларни Ўзининг тасарруфига олди, деб шарҳланади.)
(5) Осмонлару ернинг мулки Уникидир ва барча ишлар Аллоҳнинг Ўзигагина қайтадир.
(6) У кечасини кундузга киритадир, кундузни кечасига киритадир ва У кўксингиздаги нарсани ҳам яхши билувчидир.
(7) Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиринглар ҳамда сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар. Бас, сизлардан иймон келтирган ва эҳсон қилганларга улкан ажр бордир.
(8) Сизларга нима бўлдики, Аллоҳга иймон келтирмайсизлар?! Ҳолбуки, Пайғамбар сизларни Роббиингизга иймон келтиришга чақириб турибдир. У сизлардан аҳд олган эди. Агар иймон келтирувчи бўлсаларингиз. (Яъни, Агар сизлар ўзи бирор нарсага ишонувчи бўлсаларингиз, нима учун Аллоҳга ишонмаяпсизлар. Ҳолбуки, орангизда Пайғамбар юриб, сизни парвардигорингизга иймон келтиришга чақириб турибди.)
(9) У зот Ўз бандасига сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун равшан оятларни туширадир. Ва, албатта, Аллоҳ сизларга шафқатли ва раҳмлидир.
(10) Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида эҳсон қилмайсизлар?! Ҳолбуки, осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Сизлардан ҳеч ким фатҳдан илгари эҳсон қилганларга ва урушда қатнашганларга баробар бўла олмайдир. Уларнинг даражалари фатҳдан сўнг эҳсон қилганлардан ва урушда қатнашганлардан кўра улуғдир. Аллоҳ барчага яхшиликни ваъда қилгандир. Ва Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир. (Оятдаги «Фатҳ» сўзи Маккаи мукаррамани Пайғмбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар Мадинаи мунавварадан келиб мушриклардан озод қилиш маъносида айтилган.)
(11) Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас, У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтарадир ва унга карамли ажр бордир. (Аллоҳ таоло Ўз дини йўлида сарфланадиган молу мулкни унга берилган «яхши қарз»га, яъни, орага судхўрлик ва бошқа ғаразлар қўшилмаган қарзга ўхшатмоқда. Бунда эҳсон, инфоқ қилишга катта тарғиб бордир. Чунки қарзни муҳтожлар олади, Аллоҳ эса ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ, балки барчанинг Унга муҳтожлиги бор зотдир. )