(68) Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, қулаб ўлди. Магар Аллоҳ хоҳлаганларгина қолди. Сўнгра унга яна бир бор пуфланди. Бас, тўсатдан улар туриб интизор бўлурлар. (Демак, сурга биринчи бор пуфланганда осмонлару ердаги барча жонзотлар чақмоқ ургандай бирдан йиқилиб ўладилар. Шунинг учун ҳам бу пуфлаш «саъқ»–«йиқилиб ўлиш» пуфлаши, дейилади. Аллоҳнинг хоҳиши ҳамма нарсадан устун, шунинг учун у зот хоҳласа, баъзи жонзотлар саъқ–пуфлашидан кейин ҳам тирик қолади. Исрофил алайҳиссалом томонидан сурга иккинчи бор пуфланди, барча халойиқ тирилиб, ўринларидан туриб, бундан кейин нима бўлишини кутадилар. Шунинг учун ҳам иккинчи пуфлаш «туриш пуфлаши» деб номланади.)
(69) Ва ер Робби нури ила ёришди. Китоб қўйилди. Пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди. Улар орасида ҳақ ила ҳукм чиқарилди. Уларга зулм қилинмади. (Яъни, маҳшар майдони Аллоҳнинг нури ила ёп-ёруғ бўлди. У кунда фақат Аллоҳнинг нури бўлади. Энди ҳамма нарса ҳисоб-китобга тайёр ҳам бўлди. Бандаларнинг номаи амаллари–бу дунёда қилган амаллари фаришталар томонидан ёзиб юрилган китоб ўртага қўйилди.)
(70) Ва ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилди. У зот улар қилаётган ишларни ўта яхши билгувчидир.
(71) Ва куфр келтирганлар жаҳаннамга гуруҳ-гуруҳ қилиб ҳайдалди. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, Роббингиз оятларини тиловат қилиб бермадиларми? Сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиздан огоҳлантирмадиларми?!» дедилар. Улар: «Ҳа! Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», дедилар. («Ҳа», ўзимиздан бўлган Пайғамбарлар бизга келган, улар бизга Роббимизнинг оятларини тиловат қилиб берган ва у куннинг даҳшатидан огоҳлантирган эдилар, демоқчилар. Лекин тўлиқ айта олмайдилар. «Ҳа», деб қўйишга зўрға ярайдилар.)
(72) «Жаҳаннам эшикларидан унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дейилди. Бас, мутакаббирларнинг жойи қандай ҳам ёмон бўлди.
(73) Ва Роббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар.
(74) Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Энди ундан хоҳлаган жойимизни оламиз», дедилар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши бўлди!