(20) Ва агар хотин ўрнига бошқа хотин олмоқчи бўлсангиз ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд меҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг. Уни бўҳтон ва катта гуноҳ ҳолида оласизми?
(21) Ва қандай ҳам олурсиз?! Ахир, бир-бирингизга қовишдингиз ва улар сиздан мустаҳкам аҳду паймон олганлар-ку?! (Ояти каримадаги, «... улар сиздан мустаҳкам аҳду паймон олганлар-ку?!» жумласидаги «аҳду паймон»нинг маъноси ҳақида Суфён ас-Саврий: «Яхшилик ила тутиб туриш ёки яхшилик билан ажрашиш ҳақидаги аҳд», деганлар. Робеъ ибн Анас эса: «Бу Пайғамбаримизнинг (с. а. в.): «Сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олдингиз ва фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ўзингизга ҳалол этдингиз», деган ҳадисларидан иборатдир», деган.)
(22) Оталарингиз ўз никоҳларига олган аёлларни сиз ўз никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли. Бу иш, албатта, фоҳиша, ғазабнок иш ва қандай ҳам ёмон йўлдир! (Жоҳилият даврида ўгай онага уйланиш одати бор эди. Бу кўпинча «азл»га–аёлларни зулм ила бехуда тутиб туришга ҳам сабаб бўлар эди. Чунки аксар пайтда боланинг катта бўлиб вояга етишини, сўнгра отасининг хотинига–ўгай онасига уйланишини кутишга тўғри келар эди. Агар ўғли отаси ўлган пайтда вояга етган бўлса, ўгай онаси унга мерос тариқасида хотин бўлиб қолар эди. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилиб, бу ишни ҳаром этди.)
(23) Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, (қизларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ маҳфират қилувчи ва раҳмли зотдир. (Аввалда никоҳ муқаддас алоқа экани айтиб ўтилди. Албатта, бу алоқани тўғри ҳолда ўрнатиш керак. Бунинг учун эса, уйланмоқчи бўлган инсон ўзига мос жуфт танламоғи зарур. Танлаш жараёнида эътибор бериш фарз бўлган шарт–хотинликка танланаётган аёлнинг никоҳи танловчи эркакка ҳалол бўлиши керак. Ислом шариати мусулмон эркакларга айрим тоифа аёлларга уйланишни ҳаром қилган. Мазкур тоифалар ушбу оятда, бундан олдинги ва кейинги оятларда ва Пайғамбарларимизнинг ҳадисларида баён қилинган.)