(34) Сен: «Сизнинг шерик келтираётганларингиз орасида махлуқотни аввал-бошда яратиб, сўнгра уни қайтарадигани борми?» деб айт. Сен: «Аллоҳ махлуқотни аввал-бошда яратиб, сўнгра уни қайтарадир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?» деб айт.
(35) Сен: «Сизнинг шерик келтираётганларингиз орасида ҳаққа ҳидоят қиладигани борми?» деб айт. Сен: «Аллоҳ ҳаққа ҳидоят қилади. Эргашишга ҳаққа ҳидоят қиладиган зот ҳақлироқми ёки ҳидоят қилмайдиган, балки ўзи ҳидоятга муҳтож кимсами? Сизга нима бўлди?! Қандай ҳукм қилмоқдасиз?!» деб айт.
(36) Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини билгувчи зотдир. (Аллоҳнинг йўлида юрмаганларнинг кўплари, балки ҳаммалари гумон ва тахминга эргашадилар. Улардан, нима учун бу ишни қилмоқдасан, нима учун бу йўлга юрмоқдасан, деб сўралса, берадиган жавоблари фақат гумондан иборат бўлади. Қадимда бутпарастлар, ота-бобомиз шундай қилган, биз ҳам қилмоқдамиз, деб жавоб беришган. Ҳозирда ҳам фалончи айтгани учун, пистончи қилгани учун, дейишади.)
(37) Ушбу Қуръон Аллоҳдан бошқа томонидан тўқиб чиқарилган эмас. Балки у ўзидан олдингининг тасдиғи ва китобнинг тафсилотидир. Унда ҳеч шубҳа йўқ. У оламларнинг Роббисидандир.
(38) Ёки ўзи тўқиб олган дейдиларми? Сен: «Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва (бу ишга) Аллоҳдан бошқа кучингиз етганича кимни хоҳласангиз, чақиринг», деб айт.
(39) Балки улар ўзлари илмини билмаган нарсани уларга унинг таъвили етмай туриб, ёлғонга чиқарурлар. Улардан олдингилар ҳам шундай ёлғонга чиқарган эдилар. Золимларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол.
(40) Улардан унга иймон келтирадиганлар ҳам бор ва улардан унга иймон келтирмайдиганлар ҳам бор. Роббинг эса, бузғунчиларни яхши билгувчи зотдир.
(41) Агар улар сени ёлғончи қилсалар, сен: «Менга ўз ишим, сизларга ўз ишингиз, сизлар мен қиладиган ишдан поксизлар, мен сизлар қиладиган ишдан покман», деб айт. (Улар шунчалик далилларни кўриб-билиб, ҳақиқатни англаб етганларидан кейин ҳам иймон келтирмасалар, сени ёлғончига чиқарсалар, унда улар билан орани очиқ қилишингдан бошқа чора қолмайди. Уларга йўллар бошқа-бошқа эканини билдириб: Шу билан бирга, орада ҳеч бир алоқа қолмаганини ҳам таъкидлаш лозим.)
(42) Ва улардан сенга қулоқ тутадиганлари ҳам бор. Агар ақл ишлатмасалар, карқулоқларга сен эшиттира олурмисан?!