(5) У: «Эй ўғилчам, тушингни акаларингга айтмагин. Яна улар сенга бирор ҳийла қилмасинлар. Албатта, шайтон инсонга очиқ-ойдин душмандир», деди.
(6) Шундай қилиб, Роббинг сени танлаб оладир, сенга тушларнинг таъбирини ўргатадир ва сенга ва Яъқуб аҳлига, худди оталаринг Иброҳим ва Исҳоққа батамом қилганидек, ўз неъматини батамом қилиб берадир. Албатта, Роббинг билгувчи ва ҳикматли зотдир». (Аллоҳнинг Пайғамбари бўлмиш Яъқуб (а. с.) ўғли Юсуф кўрган тушни ана шундай таъбир қилган эди. Бу туш Юсуфнинг келажакда боболари Иброҳим ва Исҳоқ алайҳимуссаломлар каби Пайғамбар бўлишидан дарак берар эди.)
(7) Батаҳқиқ, Юсуф ва унинг оға-иниларида сўровчилар учун оят-ибратлар бор эди. (Яъни, Юсуф ва унинг ака-укалари қиссасида ажойиб ибратли аломат-белгилар жуда ҳам кўпдир. Ким сўраса, эътибор берса, диққат билан ўрганса, кераклигича ваъз-насиҳат, ибрат ва ўрнак олади.)
(8) Ўшанда улар: «Албатта, Юсуф ва унинг укаси отамизга биздан кўра маҳбуброқлар, ҳолбуки, биз кўпчиликмиз. Албатта, отамиз очиқ-ойдин адашувдадир», дедилар. (Яъни, Юсуфнинг акалари (улар ўн киши бўлиб, оналари бошқа эди), отамиз биздан кўра укамиз Юсуф ва унинг ота-она бир укаси икковини яхши кўради, аслида улардан кўра бизга кўпроқ эътибор бериши керак эди, отамиз бу ишда адашмоқда, дедилар.)
(9) «Юсуфни ўлдиринглар ёки узоқ ерга олиб бориб ташланглар, шунда отангизнинг юзи сизга холи қолади. Бундан кейин солиҳ қавмдан бўлиб оласизлар», дедилар. (Бу уларнинг ўзаро маслаҳатлари эди. Улар нима қилиб бўлса ҳам, Юсуфни йўқотиб, оталари фақат ўзларига эътибор бериши учун ҳаракатга тушиб қолдилар. Шайтон васвасага солганда шундай бўлади.)
(10) Улардан бир сўзловчи: «Юсуфни ўлдирманглар. Агар бирон иш қилмоқчи бўлсангиз, уни қудуқнинг қаърига ташланглар, баъзи йўловчилар олиб кетади», деди. (Акалар гапни бир жойга қўйиб, режани амалга ошириш учун ҳаракатга тушдилар. Бориб, оталарини аврай бошладилар.)
(11) Улар: «Эй отамиз, сен нега Юсуфни бизга ишонмайсан? Ҳолбуки, биз унга ихлос қилувчилармиз.
(12) Эртага уни биз билан юбор, еб-ичиб, ўйнаб келадир. Албатта, биз уни муҳофаза қилувчилармиз», дедилар.
(13) У: «Уни олиб кетишингиз мени хафа қиладир. Сиз ундан ғофил қолсангиз, уни бўри еб кетишидан қўрқаман», деди. (Уни сизларга ишониб, қўшиб юбора олмайман, деган маънодаги сўзни юмшоқроқ қилиб айтдилар.)
(14) Улар: «Агар биз кўпчилик бўлиб туриб, уни бўри еб кетса, унда биз зиёнкорлардан эканмиз-да?!» дедилар.