(82) Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар. Ана ўшаларга хотиржамлик, омонлик бор. Улар ҳидоят топганлардир.
(83) Ана ўшалар Иброҳимга қавмига қарши (тортишувда) берган ҳужжатларимиздир. Кимни хоҳласак, даражасини кўтарамиз. Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи зотдир. (Аллоҳ таолодан келган ҳужжатларни қўллаган Иброҳим (а. с.) тортишувда мушриклардан устун келдилар. Ғолиб бўлдилар. Бу билан Аллоҳ таоло у кишининг даражаларини улуғ қилди.)
(84) Ва Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни бердик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
(85) Ва Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни ҳам. Ҳаммалари аҳли солиҳлардир.
(86) Ва Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик. (Ушбу уч оятда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ишорат билан, бошқа ўн саккиз Пайғамбарни исмлари билан зикр қилмоқда. Иккинчи гуруҳда зикр қилинган Пайғамбарлар: «Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёс»лар (а. с.) тарки дунё, зуҳду тақво билан машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам улар ояти каримада: «Ҳаммалари аҳли солиҳлардандир», ибораси ила васф қилинаётир. Зотан, ҳамма Пайғамбарлар аҳли солиҳлардандир. Ушбу тўрт Пайғамбар аҳли солиҳликда алоҳида мартабага эришганлар.)
(87) Ва уларнинг оталаридан, зурриётларидан ва биродарларидан ҳам ҳидоят қилдик. Уларни танлаб олдик ва сиротул мустақиймга ҳидоят қилдик.
(88) Ана ўша Аллоҳнинг ҳидояти бўлиб, Ўз бандаларидан кимни хоҳласа, ўшани унга йўллайдир. Агар улар ширк келтирсалар, қилган ишлари, албатта, бехуда кетадир.
(89) Ана ўшалар биз уларга китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни берган зотлардир. Агар анавилар буларга куфр келтирсалар, батаҳқиқки, Биз уларга куфр келтирмайдиган қавмни вакил қилиб қўйганмиз.
(90) Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Бас, уларнинг ҳидоятига эргаш. «Мен сизлардан бунинг учун ҳақ сўрамайман. У оламлар учун эслатмадан иборат, холос», деб айт. (Зикр қилинган Пайғамбарлар (а. с.) Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Аллоҳдан келган ҳидоят эса, доимо эргашиш зарур бўлган нарсадир. Пайғамбаримиз (с. а. в.) иқтидо қилишлари лозим ҳидоят ҳам шу ҳидоятдир. Кишилар даъват қилинадиган ҳидоят ҳам шу.)