(77) Аллоҳ уларнинг сир тутгану ва ошкор қилган нарсаларини, албатта, билишини англамайдиларми? (Зикр қилинган бу ҳол яҳудийларнинг диний олимларига оид.)
(78) Уларнинг ичида китобдан бехабар, хомхаёлдан бошқани билмайдиган омийлар бор. Улар фақат гумон қиладилар халос. (Яъни, яҳудийлар ичида Тавротдан бехабар, унда нима гап борлигини билмайдиган саводсиз омийлар ҳам бор. Ўша омийларнинг билгани фақат хомхаёл, холос. Турли нарсаларни гумон қилиб, ўша гумонига ишониб юраверади. Бу омийларнинг шундай ҳолга тушиб қолишига нима сабаб? Асосий сабабларидан бири–залолатга кетган уламолар.)
(79) Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин! (Ояти карима зикр қилган «арзон баҳо» ҳақида Имом Ҳасан Басрий: «Арзон баҳо–дунё ва унинг нарсаларидир» деган эканлар. Дунёга молу бойлик, мансаб ва бошқалар киради.)
(80) Ва улар: «Бизга (дўзах) ўти ҳеч тегмайди, тегса ҳам саноқли кунларгина тегади», дедилар. Сен: «Аллоҳдан аҳд олдингизми? Зотан, Аллоҳ аҳдига ҳеч хилоф қилмайди. Ёки Аллоҳнинг номидан билмаган нарсангизни гапиряпсизми?» деб айт.
(81) Йўқ! Ким гуноҳ қилса ва уни хатолари ўраб олган бўлса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.
(82) Ва иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар, ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.
(83) Бани Исорилдан Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга яхши гаплар айтинг, намозни қоим қилинг, закот беринг, деб аҳду паймон олганимизни эсланг. Сўнгра озгинангиздан бошқангиз юз ўгириб, ортга қараб кетдингиз. (Мулоҳаза қилинса, Аллоҳ таоло Бани Исроилдан аҳду паймон олган ишлар Ислом дини ҳам буюрган ишлардир. Шундан ҳамма самовий динларнинг бирлиги келиб чиқади. Тавҳид ақидасининг асоси–Аллоҳдан бошқага ибодат қилмаслик–аҳду паймон олинган ишларнинг бошида саналяпти. Ота-онага яхшилик қилиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Қариндошларнинг қариндошлик ҳаққи бор, уларга ҳам яхшилик қилиш лозим. Етимлар–боқувчисиз қолган ёш болалардир. Жамиятда уларнинг ҳам ҳаққи бор. Шунингдек, мискинлар ҳам турли сабабларга кўра, ҳаёти ноқулай ҳолларга тушиб қолган шахслардир, уларга ҳам яхшилик кўрсатиш инсоннинг инсонийлик бурчи ҳисобланади.)