(6) Булар кўрсатурки, албатта, Аллоҳ ҳақ зотдир ва, албатта, У ўликларни тирилтирур ҳамда У ҳар бир нарсага қодирдир.
(7) Ва, албатта, (қиёмат) соати келгувчидир, бунга шубҳа йўқ. Ва, албатта, Аллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур.
(8) Одамлардан Аллоҳ ҳақида билмасдан, ҳидоятга ёки нурли китобга эга бўлмасдан туриб тортишадиганлари бор.
(9) Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун, бўйнини булқаб (тортишади). Унга дунёда расволик бор. Қиёмат куни унга куйдириш азобини тотдирамиз.
(10) Бундай бўлиши ўз қўлларинг тақдим қилган нарсалардандир. Албатта, Аллоҳ бандаларга зулм қилгувчи эмасдир.
(11) Одамлардан Аллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир. (Ислом тижорат эмаски, унга ўткинчи фойдани кўзлаб кирилса. Ислом–иймон, эътиқод, Аллоҳга бандалик қилиш, Унинг йўлида жонни ҳам, молни ҳам фидо этиш, ҳар хил бало-офатларга бардош бериш демакдир. Ана ўша синовлардан ўтганлар икки дунё бахтига сазовор бўладилар. Аммо Исломга муайян фойдани кўзлаб кирган, ўша фойдага эришса, хурсанд бўлиб, эришмаса, динни тарк этиб, юз ўгириб кетадиган мунофиқлар икки дунёда зиён кўришлари муқаррар. Аслини олганда мунофиқ, Исломдан, Аллоҳдан юз ўгириб, қаёққа ҳам борарди, кимга ҳам топинарди?)
(12) У Аллоҳни қўйиб, ўзига зарар ҳам бермайдиган, манфаат ҳам бермайдиган нарсага илтижо қилур. Шунинг ўзи қаттиқ адашишдир.
(13) У манфаатидан кўра зарари яқинроқ бўлганга илтижо қиладир. У қандай ҳам ёмон хожа ва қандай ҳам ёмон дўстдир!
(14) Албатта, иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни Аллоҳ остиларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритадир. Албатта, Аллоҳ ирода этган нарсани қиладир.
(15) Кимки унга бу дунёю охиратда Аллоҳ нусрат беришига шубҳа қилса, бир восита топиб, осмонга осилсин, сўнгра уни кессин. Бас, назар солсин-чи, унинг бу ҳийласи ғам-ғуссани кеткизармикан?! (Аллоҳга иймони йўқ кишининг ҳоли шундай бўлади. Унинг бало-офатдан, ғам-ғуссадан қутулишга чораси йўқ. Аллоҳга иймони бўлмагани учун ундан нусрат келишига ҳам умид қилмайди. Шунинг учун ё осмонга чиқиб, ёрдам топсин, ё, ундай қила олмаса, ўзини оссин. Бошқа иложи йўқ.)