(32) Мутакаббирлик қилганлар заиф саналганларга: «Сизга ҳидоят келганидан кейин биз сизни ундан тўсдикми?! Йўқ! Ўзингиз жиноятчи бўлдингиз», дерлар.
(33) Заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Йўқ! Кечаю кундузнинг макр-ҳийласи (тўсди). Ўшанда сизлар бизни Аллоҳга куфр келтиришимизга, Унга тенгдошлар қўшишимизга амр қилар эдингиз», дедилар. Улар азобни кўрган чоғларида надоматни ичларида тутдилар. Биз куфр келтирганларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Улар фақат қилиб юрган амалларига яраша жазоланурлар.
(34) Қайсики бир шаҳар-қишлоққа огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг маишатбозлари: «Биз, албатта, сиз ила юборилган нарсага куфр келтиргувчилармиз», дедилар. (Ояти каримада биз «маишатбозлар» деб таржима қилган тоифа маишатга берилиб, барча нозу-неъматларга эга бўлиб олиб ҳукмини ўтказган, кишиларни ёмонликка бошлаган, халқнинг елкасига миниб олган шахслардир. Муҳаммад (с. а. в.) Пайғамбар бўлиб келганларида ҳам худди шундай ҳолат содир бўлди. Аҳли Макканинг маишатбоз катталари у зотга (с. а. в.) юборилган динга куфр келтирганларини эълон қилдилар. Оддий халқни ҳам у зотга (с. а. в.) эргашишдан қайтардилар. Бу иш барча замон ва маконда бўлиб келгантакрорланса, ажабланиши керак эмас.)
(35) Улар: «Бизнинг молу дунёмиз, бола-чақамиз кўпроқ. Биз азоблангувчи эмасмиз», дерлар.
(36) Сен: «Албатта, Роббим хоҳлаган кишисига ризқни кенг қилур ва тор қилур. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар», деб айт.
(37) На молу дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизни Бизнинг ҳузуримизга яқин қила олмас. Магар ким иймон келтирган ва солиҳ амал қилган бўлса, ана ўшаларгагина қилган амаллари туфайли кўпайтирилган мукофот бордир. Улар (жаннат) болохоналарида омонликдадирлар. (Ҳа, инсоннинг икки дунёдаги қадр-қиймати фақатгина иймони ва яхши амалига қараб белгиланади. Молу дунё ва бола-чақа ҳам иймонли ва солиҳ амалли кишиларгагина фойда бериши мумкин. Чунки иймонли одам молу дунёни Аллоҳ рози бўладиган ишларга сарфлайди.)
(38) Бизнинг оятларимизни ожиз қолдириш учун ҳаракат қиладиганлар эса, ана ўшалар азоб ичига ҳозир қилинганлардир. (Кимки, Аллоҳ таолонинг дини таъсирини тўсишга уринган бўлса, гарчи молу дунёси ва бола-чақаси кўп бўлса ҳам, азобга дучор қилинадилар.)
(39) Айт: «Албатта, Роббим ризқни Ўз бандаларидан кимни хоҳласа ўшанга кенг қилур ва тор қилур. Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир». (Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасининг ризқини кенг ва ҳоҳлаган бандасининг ризқини тор қилиб қўяди. Аллоҳ таоло ато этган ризқдан банда Аллоҳ йўлида инфоқ қилса, шундан фойда кўради.)