(60) Ва сизга берилган нарсалар бу дунёнинг матоҳи ва зийнати, холос. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийдир. Ақл ишлатмайсизларми?
(61) Биз унга гўзал ваъда қилган, кейин ўшанга эришувчи киши бу ҳаёти дунё матоҳини берганимиздан сўнгра қиёмат куни (азобга) ҳозир қилинганлардан бўлган киши каби бўлармиди?! (Бу ояти каримада мўмин билан кофир бир-бирларига солиштириб кўрсатилмоқда. Бир томонда мўмин киши. Унга Аллоҳ таоло мўминлиги учун бу дунёда гўзал яшашни, у дунёда гўзал жаннатга эга бўлишни ваъда қилган. Иккинчи томонда кофир киши. Аллоҳ таоло унга ҳаёти дунёнинг озгина матоҳини берган. Кейин у дунёда азоблаш учун дўзахни тайёрлаб қўяди. Хўш, шу икки кишини ўзаро тенг дея оламизми? Албатта, йўқ!)
(62) У зот уларни чақирган кунида: «Сиз даъво қилган Менинг «шерик»ларим қани?!» дейдир.
(63) Устиларига сўз(ланган азоб) тушиши ҳақ бўлганлар: «Эй Роббимиз, анави йўлдан оздирганларимизни ўзимиз йўлдан озганимиздек оздирганмиз. Сенга ўзимизни оқладик. Улар бизга ибодат қилган эмаслар», дерлар.
(64) Ва: «Менинг «шерик»ларимни чақиринглар», дейилур. Улар чақирадрлар. Бас, (сохта худолари) уларга жавоб бермаслар. Ва, азобни кўрурлар. Кошки, ҳидоят топган бўлганларида эди! (Қани, у дунёда ибодат қилиб юрган худоларини энди чақирсинлар, уларга ёрдам беришсин. Ҳозир ёрдам беришмаса, қачон ёрдам беришади? Мушриклар Аллоҳга шерик қилган сохта худоларини чақирадилар. «Бас, (сохта худолари) уларга жавоб бермаслар». Бу дунёда жавоб бера олмаган сохта худолар у дунёда жавоб бера билармиди? Демак, мушрикларнинг умидлари узилди. Ана шунда улар «азобни кўрурлар».)
(65) У кунда, У зот уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларга нима деб жавоб бердингиз», дер.
(66) Ана ўша кунда хабарлар улардан махфий бўлур ва улар бир-бирларидан сўрай олмаслар ҳам.
(67) Аммо тавба қилганлар, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган кишилар шоядки нажот топгувчилардан бўлсалар.
(68) Ва Роббинг хоҳлаганини яратиб, хоҳлаганини ихтиёр қилур. Уларда ихтиёр ҳаққи йўқдир. Улар ширк келтираётган нарсалардан Аллоҳ пок ва юксакдир.
(69) Ва Роббинг уларнинг қалблари яшираётган нарсаларни ҳам, ошкор қилаётган нарсаларни ҳам билур.
(70) У Аллоҳ, Ундан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқ зотдир. Бу дунёда ва охиратда барча ҳамд Унгадир. Ҳукм ҳам Унинг Ўзигадир ва Унгагина қайтарилурсизлар.