(60) Сенга нозил бўлган нарсага ва сендан олдин нозил бўлган нарсага иймон келтирганларини даъво қилаётганларни кўрмайсанми?! Тоғутдан ҳукм сўраб беришни истайдилар. Ҳолбуки, унга куфр келтиришга буюрилгандир. Шайтон эса, уларни йўлдан бутунлай адаштиришни истайди. (Аввал ҳам айтилганидек, тоғут–Аллоҳнинг изнсиз бўлган ҳукмидир. Мунофиқлар ҳам Аллоҳнинг ҳукмини истамайдилар, шунинг учун ҳам тоғутдан ҳукм сўраб борадилар. Нима бўлса бўлсин, Аллоҳнинг ҳукми бўлмаса, бас. Ҳар қандай тоғутнинг ҳукмини истайверадилар. Бу ишни билмасдан, кўр-кўрона қилмайдилар, балки уларга баён келган. Мунофиқлар тоғутга куфр келтиришга буюрилганлар. Демак, улар билиб туриб қилмоқдалар. Шунинг учун ҳам уларнинг иймон ҳақидаги даъволари ботил. Улар, аслида, шайтоннинг йўлига кирганлар.)
(61) Агар уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва Пайғамбар ҳузурига келинглар», дейилса, мунофиқлар сендан тамоман юз ўгирганларини кўрасан.
(62) Энди қилган нарсалари туфайли уларга мусибат етгандан сўнг сенга келиб, Аллоҳ ила қасам ичиб: «Биз фақат яхшилик ва тавфиқни хоҳлаган эдик», дейишлари қандай бўлди?
(63) Ана ўшаларнинг қалбларидагини Аллоҳ билади. Бас, уларнинг қилганидан юз ўгир! Уларга ваъз қил! Ёлғиз ўзларига етказиб сўзла!
(64) Қайси бир Пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз. Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар.
(65) Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар! (Демак, иймоннинг, мўминликнинг бир шарти–ҳар бир нарсада Пайғамбарни (с. а. в.), яъни, Ислом динини ҳакам қилиб олиш зарурлигидир. Мўмин-мусулмонман деган одам, мўмин-мусулмонмиз деган жамият ўзининг ҳар бир ишини Исломнинг ҳукми ила олиб бориши керак. Шу билан бирга, ушбу ҳукмга ҳам ичидан тўла рози, ҳам сиртидан бутунлай таслим бўлиши керак. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло қасам билан таъкидлаб айтмоқда. Пайғамбаримиз (с. а. в.) ҳам ўз ҳадисларидан бирида: «Менинг жоним қудрат қўлида бўлган зот билан қасамки, ҳавою нафси мен келтирган нарсага тобеъ бўлмагунча, бирорта одам мўмин бўла олмайди», деганлар.)