(77) Оятларимизга куфр келтирган ва: «Албатта, (охиратда) менга молу дунё ҳамда бола-чақа берилажак», деганни кўрдингми?!
(78) У ғойибни билармикан ёки Роҳманнинг ҳузуридан аҳду паймон олдимикан?! (Ғойибда унга охиратда албатта молу дунё ҳамда бола-чақа берилиши муқаррар эканлиги ҳақида аломат бормикан?)
(79) Йўқ! Нима деганини, албатта, ёзиб қўямиз ва унга азобни узундан-узоқ қиламиз.
(80) У айтаётган нарсага меросхўр бўлурмиз ва у бизга ёлғиз ҳолида келур. (Кофир молу мулк, бола-чақа ва бошқа дунёвий нарсаларидан жудо бўлган ёлғиз ҳолида бизга–ҳузуримизга келади. Ўша пайт у билан қандай муомала қилишни ўзимиз биламиз.)
(81) Улар ўзларига куч-қудрат, иззат бўлиши учун Аллоҳдан ўзгаларни худо қилиб оладилар.
(82) Йўқ! у(худо)лар уларнинг ибодатларини инкор этурлар ва уларга зид бўлурлар. (Қиёмат куни сохта худолар мушрикларнинг уларга қилган ибодатини, бандалигини инкор этадилар. Биз уларга, бизга ибодат қилинг деганимиз йўқ, деб Аллоҳ ҳузурида ўзларини оқлайдилар.)
(83) Биз шайтонларни кофирларга уларни доимий қўзғаб туришга юборганимизни кўрмадингми?
(84) Уларнинг зиддига шошилма! Биз уларнинг саноғини санамоқдамиз.
(85) Тақводорларни Роҳман ҳузурига меҳмон ҳайъати этиб тўплаган кунимизда.
(86) Жиноятчиларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолларида ҳайдаймиз.
(87) Улар шафоатга молик бўлмаслар. Магар ким Роҳман ҳузурида аҳду паймон олган бўлса (молик бўлур). (Шафоатга молик бўлганлар фақат Аллоҳнинг Ўзидан бу ҳақда аҳду паймон олганлардир, холос.)
(88) Улар: «Роҳман бола тутди», дедилар.
(89) Батаҳқиқ, жуда оғир нарса келтирдингиз.
(90) Ундан осмонлар парчаланиб, ер ёрилиб, тоғлар қулаб йиқилай, дейдир.
(91) Роҳманнинг боласи бор, деганларига.
(92) Роҳманга бола тутиш лойиқ эмасдир. (Унинг бола тутишга ҳожати йўқ. У фарзанд талабида эмас. Бу унинг шаънига тўғри келмайди. Роҳман яккадир. Воҳид ва Биру Бордир.)
(93) Осмонлару ердаги барча кимсалар Роҳманга банда бўлган ҳолларида келурлар.
(94) Батаҳқиқ, У зот уларни иҳота қилган ва санаб қўйгандир.
(95) Уларнинг барчалари У зотнинг ҳузурига қиёмат куни ёлғиз ҳолларида келгувчидирлар.