(46) У одамларга бешикда ҳам, қариган чоғида ҳам гапиради ва солиҳлардандир», деганларини эсла. (Одатда қиз бола ўзидан ўзи ҳомиладор бўлмайди. Лекин Аллоҳ таоло Марямга унинг ҳомиладор бўлиб, Аллоҳнинг калимаси туфайли Масиҳ Ийсо ибн Марям деган фарзанд кўришини фаришталар орқали билдирмоқда. Шу билан бирга, унинг бошқа сифатларини ҳам санаб ўтмоқда.)
(47) У: «Эй Роббим, менга башар қўл теккизмаган бўлса, қандай қилиб болам бўлади?!» деди. У зот: «Шундай, Аллоҳ хоҳлаганини қиладир. Бир ишни ирода қилса, «Бўл!» дейиши кифоя, бўлаверадир», деди.
(48) Ва унга китобни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатадир. (Аллоҳ Марямнинг бўлажак Масиҳ Ийсо ибн Марям деб номланган ўғлига ҳикмат, Таврот ва инжилни ҳам ўргатиши хабар қилинмоқда.)
(49) Бани Исроилга Пайғамбар қиладир. У: «Албатта, мен сизга Роббингиздан оят-мўжиза келтирдим, мен сизларга лойдан қушга ўхшаш суврат ясайман, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан қуш бўлади. Аллоҳ изни билан туғма кўр ва песларни тузатаман ва ўликни тирилтираман. Сизларга нимани емоқдасизу, нимани уйингизда сақлаяпсиз–хабарини бераман. Агар мўмин бўлсангиз, албатта, бунда сизга оят-белги бордир.
(50) Ва ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб, сизга ҳаром қилинганнинг баъзисини ҳалол қилиш учун келдим. Сизга Роббингиздан оят-мўъжиза билан келдим. Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг.
(51) Албатта, Аллоҳ менинг Роббим ва сизнинг Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Бу–сироти мустақимдир», дейдир. (Ийсо алайҳиссаломнинг: «... ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб...» деганларидан, яна бир бор, у кишининг Бани Исроилга Пайғамбар бўлиб, Мусо алайҳиссалом шариатига амал қилиб келганлари билинмоқда.)
(52) Ийсо улардан кофирликни сезиб қолганда: «Кимлар Аллоҳ йўлида менга ёрдамчи бўлади?!» деди. Ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз, Аллоҳга иймон келтирдик ва бизнинг мусулмонлигимизга гувоҳ бўл. («Ҳаворий» дегани ҳолис, яқин, ишончли дўст деганидир. Ийсо алайҳиссаломнинг ҳам шундай кишилари бор эди. Улар Пайғамбарнинг даъватларига дарҳол лаббай деб жавоб бердилар. Аллоҳнинг дини йўлида ёрдамчи бўлишга тайёр эканликларини эълон қилишлари билан бирга, Аллоҳга келтирган иймонларини ҳам зикр қилмоқдалар. Чунки иймон энг асосий нарса ҳисобланади. Ҳаворийлар яна Ийсо алайҳиссаломдан ўзларининг мусулмонликларига гувоҳ бўлишларини ҳам сўрашмоқда. Яъни, Аллоҳнинг амрига бўйсунганликлари, Аллоҳнинг динига ва Пайғамбарига ёрдам берганликларига гувоҳ бўлишни сўрашмоқда.)