(106) Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унутдирсак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодир эканини билмадингми?
(107) Албатта, осмонлару ернинг мулки Аллоҳники эканини ва сизларга Аллоҳдан ўзга дўст йўқ, ёрдамчи ҳам йўқлигини билмадингми? («Насх» сўзи луғатда ўзгартиш, бекор қилиш маъносини билдиради. Шариат таърифида эса, бир шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор қилинишига айтилади. Тушуниш учун оддий бир мисол келтирадиган бўлсак, кўпчилик бўлар-бўлмасга Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига кириб, бекорчи гаплар билан у зотнинг вақтларини олишаверганидан сўнг, Аллоҳ таоло оят тушириб, ким Пайғамбар алайҳиссалом билан ҳузурларида ёлғиз қолиб гаплашмоқчи бўлса, гаплашишдан олдин садақа қилишга буюрди. Одамлар бу орқали Пайғамбар алайҳиссаломнинг қимматли вақтларини бекор ўтказмаслик лозим эканлигини англаб бўлганларидан сўнг, бошқа оят тушириб, аввалги ҳукм бекор қилингани эълон этилди.)
(108) Ёки Пайғамбарингиздан, бундан аввал Мусодан сўралганидек, савол сўрашни хоҳлайсизми?! Ким иймонни куфрга алмаштирса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашган бўлади. (Аллоҳ таоло мусулмонларни яҳудийларга ўхшаб ғаразли саволлар беришдан қайтармоқда. Пайғамбар алайҳиссаломдан Мусо алайҳиссаломдан Бани Исроил сўраган нарсаларга ўхшаш нарсаларни сўрашнинг ёмонлигини баён қиляпти ва бу ишни, иймонни куфрга алмаштириш, деб атаяпти.)
(109) Аҳли китоблардан кўплари уларга ҳақ равшан бўлганидан кейин, ўзларича ҳасад қилиб, сизларни иймонли бўлганингиздан кейин кофирликка қайтармоқчи бўладилар. Аллоҳнинг амри келгунча афв этинг, кечиримли бўлинг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
(110) Намозни қоим қилинг, закот беринг, ўзингиз учун қилган яхшиликларни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ қилаётганингизни кўрувчидир.
(111) Ва улар: «Жаннатга яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким кирмайди», дедилар. Бу уларнинг хом хаёлларидир. «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатингизни келтиринг», деб айт.
(112) Йўқ! Кимки яхшилик қилган ҳолида юзини Аллоҳга топширса, унга Робби ҳузурида ажр бордир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар. (Демак, ҳам маънавий, ҳам моддий тарафдан фақат Аллоҳ учун бўлган иш ўз эгасини мукофотга етказади. Аввало, «Робби ҳузурида ажр бордир». Яна унга келажакда хавф йўқ. Яна у бўлиб ўтган ишлардан афсусланмайди. Булар Аллоҳнинг ваъдаларидир ва, муҳаққақ, шундай бўлгусидир.)