(25) Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга, улар учун остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар борлигининг башоратини бер. Қачонки уларнинг мевасидан баҳраманд бўлсалар, бундан аввал ҳам ризқланган эдик, дейишади. Уларга ўхшаш нарсалар берилгандир. Уларга бу ерда покиза жуфтлар бор ва улар у ерда абадий қолурлар. (Ушбу ояти каримада Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга башорат-суюнчилик хабар беришни буюрмоқда. Демак, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатга кириш учун иймон келтириш, яъни, Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръонга ва иймон лозим бўлган бошқа нарсаларга иймон келтириш ҳамда амали солиҳларни, яъни, Қуръон ва суннатда яхши деб таърифланган ишларни қилиш зарурдир.)
(26) Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас. Иймон келтирганлар, албатта, у Роббиларидан келган ҳақлигини биладилар. Аммо куфр келтирганлар. Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилади, дейишади. У билан кўпчиликни залолатга кеткизади ва кўпчиликни ҳидоятга солади. У билан фақат фосиқларнигина залолатга кеткизади.
(27) Улар Аллоҳнинг аҳдини боғлангандан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган, ер юзида фасод қиладиган зотлардир. Ана ўшалар ютқазувчилардир. (Яъни, ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажраб туради. Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни боғлашга, иймон ва диндошлик алоқаларини боғлашга... ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ-кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар. Фасоднинг тури жуда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод-борлиқни яратувчи зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлини тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишидир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади.)
(28) Аллоҳга қандай куфр келтирасизлар? Ва ҳолбуки жонсиз эдингиз У сизга жон берди, сўнгра жонингизни олади ва яна тирилтиради ва сизлар Унга қайтажаксизлар.
(29) У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот. Сўнгра осмонга юзланди ва уларни еттита қилиб тўғрилади. Ва У ҳар бир нарсани билувчи зотдир. (Аллоҳ дунёдаги жамики нарсаларни инсонга ҳадя этган экан, инсон ҳам, ўз навбатида, ўша неъматларни берган Зотга шукр қилиб яшамоғи лозим. Ҳол шундай экан, қандай қилиб улар Аллоҳни инкор этадилар ва унга куфр келтирадилар?!)