(84) Ва менга кейин келгувчилар ичида содиқ мақтовлар бўладиган қилгин. (Яъни, ўтиб кетганимдан кейин ҳам одамлар мени қиёматгача яхшилик билан эслаб юрадиган қилгин.)
(85) Ва мени наъийм жаннати ворисларидан қилгин.
(86) Ва отамни мағфират қил. Албатта, у адашганлардан бўлди.
(87) Ва қайта тирилтириладиган кунда мени шарманда қилмагин.
(88) У кунда на мол манфаат берар ва на болалар.
(89) Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар).
(90) Ва жаннат тақводорларга яқинлаштирилди.
(91) Жаҳийм иғвога учганларга зоҳир қилинди.
(92) Ва уларга: »Аллоҳдан ўзга ибодат қилиб юрган нарсаларингиз қани?!
(93) Улар сизга ёрдам бера олурларми ёки ўзларини қутқара олурларми?! « дейилди.
(94) Бас, унга улар, иғвога учганлар.
(95) Ва Иблиснинг аскарлари биргаликда юзтубан тахлаб ташландилар.
(96) Улар унинг ичида бир-бирлари ила хусумат қилар эканлар, дедилар:
(97) «Аллоҳга қасамки, албатта, биз очиқ-ойдин адашувда эканмиз.
(98) Чунки сизларни Роббул Оламийнга тенглаштирардик.
(99) Бизни фақат жиноятчилар йўлдан оздирдилар.
(100) Мана энди биз учун шафоатчилар ҳам йўқ.
(101) Бирон қадрдон дўст ҳам йўқ.
(102) Қани энди ортга қайтсагу мўминлардан бўлсак».
(103) Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.
(104) Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.
(105) Нуҳ қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди.
(106) Ўшанда уларга биродарлари Нуҳ деди: «У зотдан қўрқмайсизми?!
(107) Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.
(108) Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.
(109) Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийннинг зиммасидадир.
(110) Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар».
(111) Улар: «Сенга пасткашлар эргашиб турган ҳолда, биз сенга иймон келтирармидик?!» дедилар.