(35) У ўз боғига кирар экан, ўзига зулм қилган ҳолида: «Мен буни ҳеч қачон йўқ бўлмар, деб ўйлайман.
(36) Қиёмат қоим бўлмаса керак, деб ўйлайман. Агар Роббимга қайтарилсам ҳам, албатта, бундан яхши оқибатни топаман», деди. (Кофирлар наздида, ҳамма нарсани мол-дунё, бойлик, мансаб ҳал қилади. Ҳатто охират иши ҳам шунга қараб ҳал этилиши керак. Ушбу қиссадаги уларнинг тамсилчиси, икки боғнинг эгаси бўлган кофир ҳам шуни даъво қилмоқда.)
(37) Унга шериги гаплаша туриб: «Сени тупроқдан, сўнгра нутфадан яратган ва инсон этиб ростлаган зотга куфр келтирдингми?!. (Яъни, молу дунёга берилган ўша кофир кишининг беодобона гапларини эшитган мўмин киши, сени йўқдан бор қилган, аслингни тупроқдан, сўнгра сенга ўхшаган зурриётларини бир томчи нутфадан яратган зотга, бекаму кўст инсон қилиб ростлаган зотга куфр келтирдингми, деди.)
(38) Лекин мен: «У Аллоҳ менинг Роббимдир ва Унга ҳеч кимни шерик қилмайман.
(39) Боғингга кирганингда: «Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада (бунга) қувват йўқ», десайдинг. Агар мени ўзингдан молу дунё ва бола-чақа жиҳатидан кам деб билсанг.
(40) Шояд Роббим менга сенинг боғингдан яхшироғини берса, сенинг боғингга осмондан офат юбориб, у сип-силлиқ тупроққа айланиб қолса.
(41) Ёки суви ерга сингиб кетиб, сен уни талаб қилишга қодир бўлмай қолсанг», деди.
(42) Ва унинг меваси (ҳалокат-ла) ўралди. Ўзи эса, унга сарф қилгани ҳасратидан чапак чалиб, боғида ишкомлар йиқилиб ётганини кўриб: «Қани энди Роббимга ҳеч кимни шерик қилмаганимда», деб қолаверди.
(43) Унга Аллоҳдан бошқа ёрдам берадиган гуруҳ бўлмади, ўзи ҳам нусрат қозона олмади.
(44) Бундай мақомда ҳақ нусрат Аллоҳга хосдир. У яхши савобли ва яхши оқибатли зотдир.
(45) Уларга ҳаёти дунёнинг мисолини келтир. У Биз осмондан туширган сувга ўхшайдир. Унинг сабаби ила ер набототлари аралашиб чиқди. Бас, хашакка айланиб, уни шамол учириб кетди. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир бўлган зотдир. (Аллоҳ таоло бу оятда дунё ҳаётини, ердан униб чиқадиган набототларга ўхшатмоқда. Ёмғир ёққанида кўзни қувонтирувчи ям-яшил ўсимликлар ўсиб чиққандек, кишига янги ҳаёт берилганида ҳам бу дунё унга гўзал, ёш, чиройли ва лаззатли кўринади. Аммо вақт ўтиши билан набототлар қуриб, хашакка айланиб, уларни шамол учириб кетгани сингари, ҳаётнинг ҳам ўткинчи эканлиги аён бўлиб қолади. Шунинг учун ўткинчи нарсага алданиб қолмаслик керак. Қодир Аллоҳни ҳеч қачон унутмасдан, охиратга, абадий ҳаётга тайёргарлик кўриш лозим.)