(27) Сўнгра ўшандан кейин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбасини қабул қилди. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.
(28) Эй иймон келтирганлар! Албатта, мушриклар нажасдирлар, бунга шубҳа йўқ, бу йилларидан кейин Масжидул Ҳаромга яқин келмасинлар. Агар фақирликдан қўрқсангиз, тезда Аллоҳ Ўзи хоҳласа, сизни фазли ила бой қилиб қўядир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Ақидалари бузуқ мушриклар маънавий жиҳатдан нажас ҳисобланадилар. Ушбу ояти карима ҳукмига биноан улар Масжидул Ҳаромга яқин келишлари мумкин эмас. Оятда «бу йилларидан» ибораси билан тўққизинчи ҳижрий йили назарда тутилган. Ўша йили, юқорида ўрганганимиздек, Ҳазрати Абу Бакр амирликларида ҳаж бўлган ва ҳазрати Али бу оятларни ҳажга келганларга ўқиб, ҳукмини тушунтирганлар. Ўша йилдан бошлаб мушрикларнинг Масжидул Ҳаромга келишлари ман қилинган. Бунинг учун ҳарам чегараси белги қилиб олинди. Маккаи Мукарраманинг атрофидаги ўша чегарадан мусулмон эмасларга ичкари киришга рухсат берилмайдиган бўлди.)
(29) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиганларга, Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром деб билмайдиган ва ҳақ динга юрмайдиган китоб берилганларга қарши, то улар бўйинсунган ҳолларида ўз қўллари билан «жизя» бермагунича, жанг қилинг. (Жизя, ғайридин кишининг Ислом ҳимояси остида яшаши, мусулмонлар томонидан тақдим этилган оммавий хизматлардан фойдаланиши ва бошқа сабаблар учун Ислом давлатига тўлаб туриладиган маблағдир. Жизяни ўз қўли билан бўйинсунган ҳолда берадиган аҳли китобларга қарши мусулмонлар урушмайдилар.)
(30) Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Насоролар: «Масиҳ Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Бу оғизлари билан айтган гапларидир. Аввалги куфр келтирганларнинг гапига ўхшатадилар. Аллоҳ уларни лаънатласин. Қаён бурилмоқдалар?!
(31) Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Улар фақат битта илоҳдан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган эдилар. Ундан ўзга ибодатга сазовар зот йўқ. У зот улар ширк келтираётган нарсадан покдир. (Адий ибн Ҳотим Жоҳилият даврида насронийлик динига кирган экан. Синглиси бориб акасини Исломга тарғиб қилибди. Расулуллоҳ (с. а. в.) ҳузурларига боришга ундабди. У Мадинага борганида, бўйнига кумушдан ясалган хоч таққан ҳолида Расулуллоҳнинг (с. а. в.) ҳузурлариига киради. Шунда у зот: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар», оятини тиловат қилаётган эдилар. Адий (р. а.) айтадиларки: «Мен: «Уларга ҳеч ибодат қилишгани йўқ», дедим. У зот (с. а. в.): «Лекин уларга ҳалолни ҳаром қилдилар ва ҳаромни ҳалол қилдилар, улар эса эргашдилар. Ана ўша уларга ибодат қилишдир», дедилар»)