(9) Эй иймон келтирганлар! Жума куни намозга нидо қилинганда, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир.
(10) Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз.
(11) Ва улар тижорат ёки ўйин-кулгу кўрганларида, унга томон ёпирилдилар ва сени тик ҳолда тарк этдилар. Сен: «Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса ўйин-кулгудан ва тижоратдан яхшидир. Ва Аллоҳ энг яхши ризқ берувчидир», деб айт. (Дунё ташвиши деб ибодатни тарк этиш яхши эмас. Чунки ризқ берувчи Аллоҳнинг Ўзи. Аввал Унинг ибодати адо бўлса, ризқ топишда кейинЎўзи ёрдам беради.)
المنافقون Al-Munaafiqoon
(1) Мунофиқлар ҳузурингга келганларида, гувоҳлик берамизки, сен, албатта, Аллоҳнинг Расулисан, дерлар. Ҳолбуки, Аллоҳ албатта сен Унинг Расули эканингни биладир. Ва Аллоҳ гувоҳли берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар.
(2) Улар қасамларини қалқон қилиб олдилар ва (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан бурдилар. Бас, албатта, уларнинг қилган ишлари ёмон бўлди!
(3) Бунга сабаб шуки, улар иймон келтирдилар, сўнг кофир бўлдилар, бас, қалбларига муҳр босилди. Энди улар фаҳмламаслар.
(4) Ва агар уларни кўрсанг, жисмлари сени ажаблантирур ва агар гапирсалар, гапларига қулоқ осурсан. Улар худди суяб қуйилган ходага ўхшарлар. Ҳар қичқириқни зиддиларига ҳисоблайдилар. Улар душмандирлар. Улардан ҳазир бўл. Аллоҳ уларга уруш очсин, ҳақдан қандоқ ўгирилурлар. (Бу оятда Аллоҳ таоло мунофиқларнинг баъзи сифатлари ва тасарруфларини мўминлар улардан эҳтиёт бўлишлари учун баён қилмоқда. Чунки мунофиқларнинг ичида чиройли юзли, келишган гавдали, сўзга уста кишилар бор. Бундай қараганда, келишган, туппа-тузук одамлар, гаплари ҳам кишиларни ром қиладиган. Масалан, мунофиқларнинг ўша пайтдаги раҳбари Абдуллоҳ ибн Убай қоматли, чиройли ва сўзламол одам эди. Бошқа мунофиқлардан ҳам унга ўхшашлари бор эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг мажлисларига келиб, деворга суяниб ўтирар эдилар. Саҳобалар уларнинг қоматларига ҳавас билан боқишар, гапларига қулоқ солар эдилар. Лекин барибир қалблари иймондан, яхшиликдан холи бўлгани учун Аллоҳ таоло уларни деворга суяб қўйган ходага ўхшатмоқда.)