(123) Эй иймон келтирганлар, сизга яқин бўлган кофирларга қарши жанг қилинг. Улар сиздаги шиддатни кўрсинлар. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) ва хулофаи рошидинлар даврида ушбу ояти каримага тўлиқ амал этилган. Ислом ерларига яқин турган куфр жамиятларига қарши жиҳод қилинган. Бу тарихда маълум ва машҳур ҳақиқатдир.)
(124) Бирон сура нозил қилинган вақтда улардан: «Бу сиздан кимнинг иймонини зиёда қилди?» дейдиган кимсалар бор. Бас, иймон келтирганларнинг иймонини зиёда қилди ва улар шоду хуррам бўлдилар. (Қуръони Каримдан бир сура нозил бўлиши жуда катта ҳодиса бўлган. Аммо мунофиқлар учун бу улкан ҳодиса истеҳзо ва масхара учун фурсат ҳисобланади. Улар сиртдан ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиш учун уринадилар, аммо иймон ва Ислом тақазосидаги ишлар ўртага чиққанда ўзларини ким эканликларини фош қилиб қўйишади. Улар нозил бўлган сура бировнинг иймонини зиёда ҳам қиладими, деган истеҳзони бошқача қилиб айтадилар. Ҳа, Қуръон, унинг оятлари мўминларнинг иймонини зиёда қилади. Улар ўша иймонлари ва унинг зиёдалиги туфайли икки дунёда шоду хуррам бўлурлар. Қалби касал мунофиқларга эса бошқача таъсир қилади.)
(125) Аммо қалбларида касали борларнинг ифлосликлари устига ифлослик зиёда қилди ва улар кофир ҳолларида ўларлар. (Албатта, қалбларида касали борлардан мурод мунофиқлардир, «ифлослик»дан мурод эса мунофиқликларидир.)
(126) Улар ҳар йили бир ёки икки марта фитна қилаётганларига қарамайдиларми? Шунда ҳам на тавба қилмаслар ва на эсламаслар. (Ҳар йили уларнинг ҳаётида бир ёки икки марта синовли ишлар, касалликми, бошқа мусибатми бўлиб ўтади. Аслида ўша ҳодисалар уларнинг кўзини очиши керак. Лекин улар бу нарсаларга ибрат кўзи билан қарамайдилар.)
(127) Бирон сура нозил бўлган вақтда сизни биров кўрмадими, деб бир-бирларига назар соладилар-да, сўнгра бурилиб кетадилар. Улар фаҳмламайдиган қавм бўлганлари учун Аллоҳ қалбларини буриб қўйди.
(128) Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди. (Ояти каримада Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида У зотдек (с. а. в.) кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Бу улкан ҳақиқатни Пайғамбаримиз (с. а. в.) сийратлари ва ҳадисларидан билиб оламиз.)
(129) Бас, юз ўгириб кетсалар, сен: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ, Унга таваккал қилдим, У улуғ аршнинг Роббисидир», дегин.