(6) Ўшанда Мусо қавмига: «Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг; вақтики, у сизни Оли Фиръавндан қутқарди. Улар сизга бардавом ёмон азоб берардилар. Ўғилларингизни сўйиб, қизларингизни тирик қолдирардилар. Ана ўшанда Роббингиздан буюк синов бордир», деган эди. (Яъни, азоб-уқубатга дучор қилиш бир синов. Ундан қутулиш неъматини бериш иккинчи бир синовдир. Биринчисида банда сабр қилиб, иккинчисида шукр қилиб синовдан ўтиши керак.)
(7) Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг.
(8) Мусо: «Агар сиз ва ер юзидаги кимсалар ҳаммангиз куфр келтирсангизлар ҳам, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир», деди. (Демак, шукр этган киши ўзига фойда келтиради. Куфр қилган одам ўзига зарар орттиради. Аллоҳ шундоқ ҳам беҳожат ва мақталган зотдир.) Эй Муҳаммад уммати!
(9) Сизга ўзингиздан олдин ўтган Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва улардан кейингиларнинг, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиганларнинг, хабари келмадими? Уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Улар эса, қўлларини оғизларига қўйиб: «Биз сиз бизни чақираётган нарсада шубҳалантирувчи шакдадирмиз!» дедилар. (Яъни, ўша нобакор қавмлар овозлари баланд чиқиши учун қўлларини оғизларига карнай қилиб қўйиб: »Биз сиз орқали Аллоҳ томонидан юборилган динга куфр келтирдик. Биз сиз даъват қилаётган нарсада кучли шак ва шубҳадамиз! « дедилар. Демак, улар ўзларини зулматлардан нурга олиб чиқиш учун Аллоҳ томонидан келган ҳодий Пайғамбарларга нисбатан беодобларча муносабатда бўлдилар.)
(10) Пайғамбарлари уларга: «Осмонлару ернинг яратгувчиси бўлмиш Аллоҳга шак борми? У сизларни гуноҳларингизни мағфират қилишга ва ўзингизни маълум муддатга қолдиришга чақирмоқда-ку! « дедилар. Улар эса: «Сиз бизга ўхшаш башардан ўзга ҳеч нарса эмассиз. Бизни оталаримиз ибодат қилиб юрган нарсадан тўсмоқчисиз. Бас, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтиринг», дедилар. (Барча қавм кофирлари барча Пайғамбарларга шу гапни айтганлар. Уларнинг ўз оталари нимага ибодат қилиб юргани билан ишлари йўқ. Оталари ибодат этган нарса нима бўлса ҳам, бари бир. У нарсалар бир қийматга арзийдими? Уларга ибодат қилиш лозимлиги ҳақида бирор далил борми? Бу ва бунга ўхшаш саволлар билан ишлари йўқ. Аммо Аллоҳ томонидан очиқ ҳужжатлар билан келган Пайғамбарлардан (а. с) яна ҳужжат-далил сўрайдилар.)