(37) Улар дўзахдан чиқмоқчи бўлурлар. Аммо ундан чиқа олмаслар. Уларга муқим азоб бор.
(38) Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу уларнинг қилмишига жазо ва Аллоҳдан ъиқобдир. Аллоҳ азиз ва ҳакимдир.
(39) Ким зулмидан кейин тавба этса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Гуноҳ қилган банда тавбага шошилмоғи лозим. Аммо бу ояти каримага чуқурроқ назар соладиган бўлсак, унда: «тавба этса ва амали солиҳ қилса», дейилмоқда. Мусулмон одам учун ёмонликдан қайтишнинг ўзи кифоя қилмас экан. Ёмонликдан қайтиш билан бирга, яхшилик амалларни қилиши ҳам зарур экан. Мадинаи Мунавварада бир аёл ўғрилик қилиб қўлга тушади. Унинг қариндош-уруғлари бундан қаттиқ ташвишланадилар. Агар қўли кесилса, бутун уруғимизга ор бўлади, деб қайғурадилар. Маслаҳатлашишиб, Усома ибн Зайд Пайғамбаримизнинг эркаси, уни ишга солайлик, кечириб юборсалар ажаб эмас, дейишади. Усома ибн Зайд (р. а.) воситачилик қиладилар. Шунда Расулуллоҳ (с. а. в.) қаттиқ ғазабланадилар ва масжидда жамоат намозидан сўнг хутба қилиб: «Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг ҳаддидан бўлмиш бир ҳадда менга воситачи қўясизлар! Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, қўлини кесаман! Сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишига сабаб ҳам оддий одамга ҳадни жорий этиб, обрўлига жорий этмаслик эди», дедилар. («Ҳад» деганда шаръий жазо тушунилади.))
(40) Осмонлару ернинг мулки Аллоҳнинг эканлигини, кимни хоҳласа, азоблашини, кимни хоҳласа, мағфират қилишини ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир эканини билмасмидинг?!
(41) Эй Пайғамбар! Оғизлари ила, иймон келтирдик, деб қалблари иймон келтирмаганлар ва яҳудий бўлганларнинг куфрга ошиқадиганларидан хафа бўлма. Улар ёлғонни кўп эшитадилар, сенга келмаган қавмлардан ҳам эшитадилар. Сўзларни жойларидан ўзгартирадилар. Улар: «Агар сизга бу берилса, олинглар, агар бу берилмаса, ҳазир бўлинглар», дерлар. Аллоҳ кимни фитнага солишни ирода қилса, унга Аллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсани тўса олмассан. Аллоҳ ана ўшаларнинг қалбларини поклашни ирода қилмади. Уларга бу дунёда шармандалик бор. Уларга охиратда улкан азоб бор. («Оғизлари ила, иймон келтирдик, деб қалблари иймон келтирмаганлар»дан мурод–мунофиқлардир. Демак, ушбу ояти карима мунофиқлар ва яҳудийлар ҳақида тушган. Маълумки, мунофиқликнинг келиб чиқиши ҳам яҳудийларга бориб тақалади.)