(91) Улар, Аллоҳ башарга ҳеч нарса туширгани йўқ, деганларида, Аллоҳни тўғри тақдирламадилар. Сен: «Мусо кишиларга ҳидоят ва нур этиб олиб келган, уни сиз қоғозга тушириб олиб, баъзисини зоҳир, кўпини махфий қилган; ва сиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам билмаган нарсаларни сизга ўргатган китобни ким туширди?!» деб айт. «Аллоҳ» деб айт. Сўнгра уларни тек қўй, шунғиган нарсаларида ўйнайверсинлар. (Нима учун Тавротни Мусога Аллоҳ нозил қилганини тан оладилар, бироқ Қуръонга келганда, Аллоҳ башарга ҳеч нарса нозил қилган йўқ, дейдилар?! Ёки Таврот ҳам нозил бўлмаганми?! Йўқ, ундай эмас, «Таврот»ни Аллоҳдан нозил бўлган илоҳий китоб, деб биладилар. Яҳудийлар Тавротни ёзиб олишгач, ундан ўзларига мувофиқ ўринларни одамларга кўрсатишар, мувофиқ келмаган ўринларини эса, махфий тутишар эди.)
(92) Бу, Биз туширган китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро ( шаҳарлар онаси )ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир. Охиратга иймон келтирганлар унга иймон келтирарлар. Ва улар намозларини муҳофаза қиларлар. (Уммул Қуродан, Маккаи Мукаррама назарда тутиляпти. Бу муқаддас шаҳар араблар орасида қадимдан шу ном билан ҳам машҳур бўлган. Чунки бу муборак шаҳарда Аллоҳга ибодат этиш учун қурилган дунё ва башарнинг биринчи уйи «Байтуллоҳ» бор.)
(93) Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки унга ҳеч нарса ваҳий қилинмаса ҳам, менга ваҳий келди, деган ёхуд, Аллоҳ нозил қилган нарсага ўхшаш нарсани мен ҳам нозил қиламан, деган кимсадан ҳам золимроқ кимса борми? Золимларнинг ўлим талвасаси пайтларини, фаришталарнинг уларга қўл чўзиб: «Жонингизни чиқаринг! Бугунги кунда Аллоҳга нисбатан ноҳақ гап айтганларингиз учун ва Унинг оятларидан мутакаббирлик қилиб юрганингиз учун хорлик азоби ила жазоланурсиз», дегандаги ҳолларини кўрсанг эди. (Кофир мушриклар Пайғамбарни (а. с.) инкор қилиб, у зотга қўяётган айблар ғоят катта айблардир. Бундай ишлар Аллоҳнинг маҳбуб Пайғамбаридан содир бўлиши асло мумкин эмас. Агар фаразан кимдир бундай зулмни қиладиган бўлса, албатта, жазосини тортади ва тезда фош бўлади. Тарих бунинг кўпига гувоҳ. Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) даврларида Мусайламатул каззоб, унинг хотини Сажоҳ бинти ал-Ҳорис ва ал-Асвад ал-Анасийлар шундай даъво билан чиқдилар. Аммо тезда шарманда бўлдилар. Бундай кишилар энг золим кишилар ҳисобланадилар. Уларнинг кимлигини ояти каримадаги таърифдан ҳам билиб олиш мумкин.)
(94) Худди сизларни дастлаб халқ қилганимиздек, ҳузуримизга якка-якка келдингиз. Сизларга берган нарсаларимизни ортингизда қолдирдингиз. Сизлар ўзингизча шерик деб ўйлаган шафоатчиларингизни кўрмаяпмиз?! Батаҳқиқ, ораларингиз узилди. Сиз даъво қилган нарса ғойиб бўлди.