(31) Биз сенга ваҳий қилган китоб айни ҳақдир, ўзидан олдинги нарсани тасдиқловчи бўлгандир. Албатта, Аллоҳ Ўз бандаларидан ўта хабардор ва уларни ўта кўргувчидир.
(32) Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор, улардан ўртачалари бор ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларга ўзувчилар ҳам бор. Ана шу айни улуғ фазлдир. (Аллоҳ таоло Ўзининг боқий мўъжизаси бўлмиш ҳақ китоби–Қуръони Каримни Муҳаммаднинг (с. а. в.) умматига мерос қилиб берди. Бу иноятда шон-шараф ҳам, жуда улкан масъулият ҳам бор. Улар ўша шон-шарафга номуносиб ва зиммасидаги масъулиятни англаб етмаган осийлардир. Бу тоифадаги одамларнинг ёмонликлари яхшиликларидан кўп бўлган Улар ўзларига ишониб топширилган ҳақ китобга муносиб бўла олмай ўзларига ўзлари зулм қилганлардир. Уламоларимиз «ўртачалар»–фарз ва вожиб амалларни адо этадиган, ҳаромлардан узоқ бўлган, баъзи мустаҳабларни тарк этиб, баъзи макруҳларни қилган кишилардир, дейдилар. Улар барча фарз, вожиб ва суннат амалларни тўлиқ адо этадилар. Барча ҳаром, шубҳали ва макруҳ амаллардан узоқда бўладилар. Бунинг устига номига яхшилик бўлса, ҳаммадан ўзиб етиб борадилар.)
(33) Улар адн жаннатларига кирурлар. Унда тилло билакузуклар ва инжулар ила безатилажаклар. Унда либослари ипакдир.
(34) Улар: «Биздан ғам-қайғуни кетказган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. Албатта, Роббимиз ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир.
(35) У зот бизларни Ўз фазли ила бир турар жойга жойлаштирдики, у ерда бизга чарчоқ ҳам етмас, ҳорғинлик ҳам етмас», дерлар.
(36) Куфр келтирганларга жаҳаннам оташи бордир. Уларга на ўлишлари учун ҳукм қилинмас ва на улардан у (жаҳаннам)нинг азобидан енгиллатилмас. Ҳар бир кофирни шундоқ жазолармиз.
(37) Улар у ерда: «Эй Роббимиз! Бизларни чиқар! Қилиб юрган амалларимиздан бошқа, солиҳ амаллар қилурмиз!» деб доду фарёд солурлар. «Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантиргувчи келмаган эдими?! Бас, энди, тотийверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир» (дейилур). (Жаҳаннамда шиддатли азобларга дучор бўлган кофирлар чидай олмай Роббул оламийнга ёлборишга ўтадилар.)
(38) Албатта, Аллоҳ осмонлару ернинг ғайбини билгувчидир. Албатта, У диллардаги сирларни ҳам ўта билгувчидир. (Шунинг учун ҳам кофирларни юқорида айтилганидек жазолашни лозим кўргандир.)