(31) Бизнинг элчиларимиз Иброҳимга хушхабарни келтиришганида: «Албатта, биз ушбу шаҳар аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз. Албатта, унинг аҳли зулм қилгувчилардан бўлдилар», дедилар.
(32) У: «Унда Лут бор-ку?!» деди. Улар: «Биз унда ким борлигини яхши биламиз. Биз, албатта, унга ва унинг аҳлига нажот берамиз. Магар унинг хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир», дедилар.
(33) Элчиларимиз Лутга келишганида, у улар сабабли маҳзун бўлди ва келишларидан юраги сиқилди. Улар: «Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма, албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз. Магар хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир. (Лутнинг алайҳиссалом Аллоҳ юборган фаришталарни кўриб хафа бўлишларига сабаб бор эди. Аввалло, элчи-фаришталар навқирон ҳуснли йигитлар қиёфасида келган эдилар. Қолаверса, Лут алайҳиссалом уларнинг элчи-фаришталар эканидан ҳали-ҳануз хабар топмаган эдилар. Шунинг учун ёш ва чиройли меҳмон йигитларга жиноятчи қавм тажовуз қилиб, мезбон Лутни алайҳиссалом шарманда этишлари мумкин эди. Шу сабабли Лут алайҳиссалом уларни кўриб маҳзун бўлдилар ва юраклари сиқилди.)
(34) Албатта, Биз ушбу шаҳар аҳолиси бошига фосиқлик қилганлари туфайли осмондан азоб туширгувчимиз», дедилар.
(35) Батаҳқиқ, Биз ундан ақл юритгувчи қавмлар учун очиқ-ойдин оят-белгилар қолдирганмиз. (Лут қавмидан, улар яшаб ўтган диёрдан уларнинг жиноятлари оқибати нима билан тугаганини эслатиб турувчи нишоналар қолдирилгандир. Бу нишоналар ўша қавм ҳақидаги қисса, оят ва эсдаликлар бўлиши мумкин. Шунингдек, улар яшаб ўтган юртнинг қолдиқлари ҳам бўлиши мумкин. Ўлик денгиз ҳудудида Садум шаҳрининг қолдиқлари топилган, ҳозирда кўпчилик бориб кўрмоқда.)
(36) Ва Мадянга биродарлари Шуайбни (юбордик). Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг, охират кунидан умидвор бўлинг ва ер юзида бузғунчилик ила харакат қилиб юрманг», деди. (Шуайб алайҳиссалом ҳам, Иброҳимнинг алайҳиссалом зурриётларидан чиққан араблардандирлар.)
(37) Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Шунда уларни бир силкиниш тутди ва диёрларида чўккалаб қолдилар. (Мадян аҳлининг қай тарзда ҳалокатга учрагани ҳақидаги хабар тафсилоти бошқа сураларда ўтди. Аввал уларга қаттиқ ва даҳшатли овоз келиб, қалбларини ёриб юборди. Кейин кучли зилзила бўлиб, уларни тутдек тўкиб қўйди. Ҳаммалари турган жойларида чўккалаб қолиб, ҳалок бўлдилар. Бу ҳалокат уларнинг иймон йўлига юрмаганликларининг жазоси эди.)
(38) Ва Од ва Самудни (ҳам ҳалок этдик). Батаҳқиқ, бу сизга уларнинг масканларидан аён бўлиб турибди. Шайтон уларга амалларини зийнатлаб кўрсатиб, уларни йўлдан тўсди. Ҳолбуки, улар кўриб-билиб тургувчи эдилар.