(71) Уларга Нуҳнинг хабарини тиловат қилиб бер. Вақтики у ўз қавмига: «Эй қавмим, агар сизларга менинг мақомим ва Аллоҳнинг оятлари ила эслатишим оғир келаётган бўлса, бас, мен Аллоҳга таваккал қилдим. Сиз шерик келтирганларингиз билан биргаликда ўз ишингизни билаверинглар. Яна ишларингиз ўзингиз учун ноаниқ бўлиб қолмасин. Сўнгра менга нисбатан ҳукмингизни ижро этаверинглар, менга муҳлат берманглар.
(72) Бас, агар юз ўгирсангиз, мен сизлардан ажр сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақатгина Аллоҳдан. Ва мен мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман», деди. (Эй Муҳаммад, ўз вақтида Нуҳ (а. с.) ҳам сенга ўхшаб қавмига Пайғамбар бўлиб келган эди. Сен билан қавминг ўртасидаги ҳолат уларнинг ҳам бошидан кечган. Сенинг қавминг ичидан ҳам Нуҳ қавмидагига ўхшаш саркашлар чиқди. Улар Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи турли оят-белгилардан ўрнак олмаяптилар.)
(73) Сўнгра уни ёлғончига чиқаришди. Бас, Биз уни ва у ила бирга бўлганларни кемада қутқардик ва уларни халифалар қилдик. Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни ғарқ этдик. Огоҳлантирилганларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол.
(74) Сўнгра ундан кейин Пайғамбарларни қавмларига юбордик. Бас, улар очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келдилар. Аммо у(қавм)лар олдин ёлғонга чиқарган нарсаларига иймон келтирувчи бўлмадилар. Тажовузкорларнинг қалбига шундай қилиб муҳр босамиз. (Эй сиз инсонлар, ушбу оятлар билан танишаётганлар! Сизлар ҳам ўша қавмларга ўхшаб аввал-бошдан Пайғамбарни, Қуръонни ёлғонга чиқариб, тажовузкорлик этманг. Агар шундай қиладиган бўлсангиз, ўшаларга ўхшаб қалбингизга муҳр босилиши, оқибатда ҳалокатга учрашингиз турган гап. Мана, қуйида қиссаси келадиган қавм ҳам худди шундай тақдирга дуч келган эди.)
(75) Сўнгра улардан кейин Мусо ва Ҳорунни Фиръавн ва унинг қавмига Ўз оят-мўъжизаларимиз ила юбордик. Бас, улар кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар.
(76) Бизнинг ҳузуримиздан уларга ҳақ келган пайтда: «Бу, албатта, очиқ-ойдин сеҳрдир», дедилар.
(77) Мусо: «Сизга ҳақ келганда (шундай) дейсизларми?! Шу сеҳрми?! Сеҳргарлар нажот топмаслар», деди.
(78) Улар: «Сен бизни оталаримиз тутиб келаётганида топган нарсамиздан буриш учун ва икковингизга ер юзида катталик бўлиши учун келдингми? Биз икковингизга иймон келтирувчилардан эмасмиз», дедилар. (Улар илм-маърифат асосида эмас, қалбларидаги аввалдан ўрнашиб қолган дард туфайли Аллоҳ томонидан келган динни инкор қилаётган эканлар. Бу фақат Фиръавн ва унинг қавмигагина эмас, балки Аллоҳнинг динига юришни хоҳламаган ҳар бир тоғут ва унинг қавмига хос хусусиятдир.)