(15) У зот ер сизларни тебратиб юбормаслиги учун унинг устига баланд тоғларни ташлаб қўйди. Анҳорлару йўлларни ҳам. Шоядки, тўғри йўл топсангиз.
(16) Ва аломатлар ҳамда юлдузлар ила улар йўл топурлар.
(17) Яратадиган зот яратмайдиган зот каби бўлурми? Ўйлаб кўрмайсизларми?
(18) Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Ҳа, Аллоҳнинг бандаларига берган неъматлари сонсиз-саноқсиздир. Уларнинг баъзилари юқоридаги оятларда эслатиб ўтилди. Аслида эса, агар инсонлар ўзларига берилган неъматларни ҳисоблашга уринсалар, санаб саноғига ета олмайдилар. Шундай сон-саноқсиз неъматнинг шукрини ҳеч ким адо қила билмайди. Агар Аллоҳ ҳамма неъматлари учун тўла-тўкис шукрни талаб этса, бандаларга жуда қийин бўларди.)
(19) Аллоҳ нимани сир тутаётганингизни ва нимани ошкор қилаётганингизни биладир.
(20) Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётганлари ҳеч нарсани ярата олмаслар. Ҳолбуки, ўзлари яратиладилар.
(21) Ўликлардир, тирик эмаслар ва қачон қайта тирилтирилишларини билмаслар.
(22) Илоҳингиз ягона илоҳдир. Охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари инкор қилувчидир, ўзлари эса мутакаббирдирлар.
(23) Шубҳасизки, Аллоҳ нимани сир тутаётганларини ва нимани ошкор қилаётганларини биладир. Албатта, У мутакаббирларни хуш кўрмас.
(24) Қачонки, уларга: «Роббингиз нимани нозил қилди?» дейилса, улар: «Аввалгиларнинг афсоналарини», дерлар.
(25) Қиёмат куни ўз гуноҳларини тўлалигича ва жаҳолат ила йўлдан адаштирган кишиларнинг гуноҳларидан кўтаришлари учундир. Огоҳ бўлинг! Улар кўтарган нарса қандоқ ҳам ёмон! (Мазкур кофирлар куфрлари, Қуръонга иймон келтирмай юрганлари ва одамларни Қуръондан тўсганлари учун етарли жазо оладилар. Қиёмат кунида улар ўз гуноҳларини тўлалигича кўтарадилар, яъни, шунга яраша жазога йўлиқтириладилар. Бунга қўшимча равишда, ўзлари жаҳолат ила Қуръонга қарши ташвиқот олиб бориб йўлдан адаштирган кишиларнинг гуноҳларидан баъзисини ҳам кўтарадилар. Унга яраша қўшимча жазо ҳам оладилар. Ўз гуноҳларига бошқаларнинг гуноҳларини ҳам қўшиб кўтарадилар.)
(26) Батаҳқиқ, улардан олдингилар ҳам макр қилганлар. Бас, Аллоҳ биноларини пойдеворидан йиқитди. Шифт уларнинг устига қулаб тушди. Ва уларга ўзлари сезмаган томондан азоб келди.