السجدة As-Sajda
(1) Алиф. Лам. Мийм.
(2) Бу китобнинг нозил қилиниши, ҳеч шак-шубҳасиз, оламларнинг Робби томонидандир.
(3) Ёки, унинг ўзи тўқиб олган, дейдиларми?! Йўқ! У сендан олдин ўзларига ҳеч огоҳлантиргувчи келмаган қавмни огоҳлантиришинг учун Роббингдан (келган) ҳақдир. Шояд улар ҳидоят топсалар.
(4) Аллоҳ осмонлару ерни ва улар орасидаги нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра аршни эгаллган зотдир. Сиз учун ундан ўзга дўст ҳам, шафоатчи ҳам йўқдир. Ахир, эсламайсизларми?! (Осмонлару ернинг олти кунда яратилишининг ҳикмати ва сирлари ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина маълум. Уламоларимиз бу тўғрида турли фикрларни айтган бўлсалар ҳам, кўплари Аллоҳга ҳавола этишни маъқул биладилар.)
(5) У зот осмондан ергача барча ишнинг тадбирини қилур. Сўнгра ўша (иш) миқдорини сиз санаётган ҳисобда минг йилга тенг бўлган кунда Унга чиқар. (Яъни, Аллоҳ таоло дунёдаги ҳамма ишларнинг тадбирини қилиб қўйган. Аммо бу ишлар қолиб кетавермайди. Унутилиб ҳам, натижасиз ҳам қолмайди. Балки қиёмат куни яна Аллоҳнинг ҳузурига чиқади. Қиёмат куни ўзининг даҳшати ила, бу дунёда одамлар санаб юрган минг кунга тенг бўлади. Ана ўша кунни ўйлаб иш кўриш керак.)
(6) Ана шу Зот ғойибнию ҳозирни билгувчи, азизу раҳиймдир.
(7) У Ўзи яратган ҳар бир нарсани гўзал этган ва инсонни яратишни лойдан бошлаган зотдир.
(8) Сўнгра унинг наслини ҳақир бир сувдан ажраб чиқадиган қилди.
(9) Сўнгра уни ростлади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади. У сизларга қулоқ, кўзлар ва диллар пайдо қилди. Камдан-кам шукр қилурсизлар.
(10) Улар: «Биз ер остида йўқ бўлиб кетгач ҳам, яна янгитдан яратиламизми?!» дерлар. Йўқ! Улар Роббиларига рўбарў бўлишни инкор қилгувчилардир.
(11) Сен: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонингизни оладир. Сўнгра Роббингизга қайтарилурсиз», деб айт. (Бу дунёда одам боласи ҳеч қачон ўлишни хоҳламайди. Аммо ажали етса, у қанчалик яшашни хоҳласа-да, вакил қилинган ўлим фариштаси келиб жонини олади.)