(28) Бас, сен ўзинг билан бирга бўлганлар ила кемага жойлашиб олгач: «Бизни золим қавмлардан қутқарган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дегин.
(29) Ва: «Эй Роббим, мени муборак манзилга туширгин, Сен, Ўзинг манзилга туширгувчиларнинг энг яхшисисан», дегин», дедик.
(30) Албатта, бунда оят-ибратлар бордир. Албатта, Биз синовчи бўлган эдик.
(31) Сўнгра улардан кейин бошқа авлодларни пайдо қилдик. (Яъни, Нуҳ ва унинг қавмидан кейин бошқа халқларни пайдо қилдик.)
(32) Бас, уларнинг ичига ўзларидан бўлган Пайғамбарни: «Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир, наҳотки, қўрқмасангиз», деб юбордик. (Эътибор берадиган бўлсак, бу Пайғамбар ҳам Нуҳ алайҳиссаломнинг сўзларининг айнан ўзини такрорламоқда. Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқлигини таърифламоқда ва Аллоҳга иймон келтирмай юриш қўрқинчли эканини уқтирмоқда.)
(33) Унинг қавмидан куфр келтирган, охиратга рўбарў бўлишини ёлғонга чиқарган ва Биз уларни ҳаёти дунёда маишатпараст қилиб қўйган зодагонлари: «Бу сизга ўхшаган башар, холос. Сиз еган нарсадан ейди, сиз ичган нарсадан ичади.
(34) Агар ўзингизга ўхшаган башарга итоат қилсангиз, унда, албатта, сиз зиёнкорлардандирсиз.
(35) У сизга, ўлсангиз, тупроқ ва суяк бўлсангиз ҳам, албатта, чиқарилгувчи бўлишингизни ваъда қилмоқдами?!
(36) Ҳайҳот! Ҳайҳот! Сизга ваъда қилинган нарса нақадар узоқ!
(37) Шу дунёдаги ҳаётимиздан бошқа ҳаёт йўқдир. Ўламиз, тириламиз ва биз қайта тирилгувчи эмасмиз.
(38) У фақат Аллоҳга нисбатан ёлғон уйдирган одам, холос. Биз унга иймон келтиргувчи эмасмиз», дедилар. (Бу қавмнинг жавоби ҳам моҳиятан Нуҳ қавми жавобининг айнан ўзи. Бу сафар ҳам қавм номидан зодагонлари жавоб бермоқда.)
(39) У: «Эй Роббим, мени ёлғончи қилганларга қарши менга нусрат бер», деди.
(40) У зот: «Озгинадан сўнг улар надомат чекувчи бўлурлар», деди. (Яъни, Аллоҳ таоло у Пайғамбар алайҳиссаломнинг дуоларини қубул қилди. У зот алайҳиссаломга нусрат берадиган бўлди. Ва сабр қил, озгина вақтдан сўнг у кофирлар пушаймон қилувчи бўладилар, деди.)
(41) Бас, уларни ҳақ ила қичқириқ олди. Бас, Биз уларни хасу чўпга айлантирдик. Даф бўлсин золим қавмлар!
(42) Сўнгра улардан кейин бошқа аср авлодларини пайдо қилдик. (Яъни, қиссаси келтирилган ўша қавмдан кейин бошқа турли қавмларни дунёга келтирдик.)