(50) Улар: «Сизга Пайғамбарларингиз очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келмаган эдиларми?!» дедилар. Булар: «Ҳа», дейишди. Улар: «Бас, дуо қилаверинглар. Кофирларнинг дуоси залолатдан бошқа нарса эмас», дедилар. (Жаҳаннам қўрқинчлари: «Нима сабабдан бу ҳолга тушиб қолдингиз?! Сизга Пайғамбар келиб, шу кун бошингизга тушиши мумкинлигидан огоҳлантирмаган эдими?! « деб сўрадилар.
(51) Албатта, Биз Пайғамбарларимизга ва иймон келтирганларга бу дунё ҳаётида ва гувоҳлар турган кунда ҳам нусрат берурмиз.
(52) У кунда золимларга маъзиратлари наф бермас. Уларга лаънат бўлғай ва уларга ёмон ҳовли жой бўлғай. (Иймон билан куфр орасидаги кураш бир шахс, бир авлод, бир замонга боғлиқ эмас. Балки бу кураш дунё бунёд бўлганидан бошлаб, қиёматгача давом этадиган курашдир. Бу кураш давомида турли ҳолатлар бўлиб ўтади. Иймон томонида турган баъзи кишиларнинг эътиқод йўлида шаҳид бўлишлари улкан нусрат бўлиши мумкин. Ҳозиргача бутун дунё қанчадан-қанча шаҳидларни мадҳ этиб, эҳтиром ила эслаб келмоқда, уларни шаҳид этган қотиллар эса, лаънатланмоқда. Қани, кўрайлик-чи, бу ерда нусрат шаҳидгами ё қотилга?! Баъзи бир шаҳидларнинг ўлими бутун бошли умматларни ғалабага чорлаган вақтлар ҳам бўлган. Демак, ўлимнинг ҳаммаси ҳам, хусусан иймон йўлидаги ўлим, мағлубият ҳисобланмайди. Иймон ва куфр орасидаги курашда нусрат кимга бўлиши тор ўлчовда эмас, балки кенг мезонлар билан ўлчанади. Иймоннинг қалбларда, ер юзида тантанаси учун инсоннинг ўзи саъйи-ҳаракат қилишини Аллоҳ шарт этган экан, Унинг йўлидаги қурбонлар, машаққатлар эришиладиган нусратнинг қийматини оширади, қадрини кўтаради. Ундан кейин, инсоният тарихидаги иймон билан куфр ўртасидаги курашнинг оралиқ натижаларига ҳам бир назар солайлик. Уларнинг ҳаммаси Пайғамбарлар ва мўминларга нусрат берилиши билан якун топганини кўрамиз.)
(53) Батаҳқиқ, Биз Мусога ҳидоятни бердик ва Бани Исроилни Китобга ворис қилдик.
(54) Ақл эгаларига ҳидоятчи ва эслатма бўлсин учун.
(55) Бас, сабр қил. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Гуноҳинг учун истиғфор айт. Эртаю кеч Роббингга ҳамд ила тасбиҳ айт. (Ояти каримада Пайғамбаримизга (с. а. в.) хитоб орқали мўмин бандага иймон йўлида зарур бўладиган зоди роҳила тақдим этилмоқда.)
(56) Албатта, Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжатсиз талашиб-тортишадиганларнинг дилларида кибрдан ўзга нарса йўқ. Улар унга етишгувчи эмаслар. Бас, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитгувчи, ўта кўргувчи зотдир.
(57) Албатта, осмонлару ерни яратиш одамларни яратишдан каттароқдир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар.
(58) Кўр билан кўрувчи баробар бўлмас. Иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар билан ёмонлик қилгувчи ҳам. Жуда ҳам кам эслайсизлар.