(54) Батаҳқиқ, бу Қуръонда одамлар учун турли масаллар баён қилдик. Инсон ўзи кўп тортишувчи бўлган эди.
(55) Одамларни уларга ҳидоят келганида иймон келтиришларидан ва Роббиларига истиғфор айтишларидан фақатгина аввалгиларнинг суннати келишини ёки очиқ азоб келишини кутишлари тўсди, холос.
(56) Биз Пайғамбарларни башорат бергувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юборамиз, холос. Куфр келтирганлар эса, ботил ила мунозара қилиб, у билан ҳақни енгмоқчи бўлурлар. Ҳамда Менинг оятларимдан ва ўзлари огоҳлантирилган нарсадан истеҳзо қилурлар.
(57) Роббиси оятлари ила эслатилганда, улардан юз ўгириб, ўзи қилган (гуноҳ)ларни унутган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Албатта, Биз у (Қуръон)ни англамасликлари учун уларнинг дилларига пардалар ва қулоқларига оғирлик қилиб қўйдик. Агар уларни ҳидоятга чақирсанг ҳам, ҳаргиз ҳидоят топмаслар.
(58) Ва Роббинг сермағфират ва раҳм-шафқат соҳиби зотдир. Агар уларни қилган касбларига биноан олганида, азобларини тезлаштирган бўлар эди. Лекин уларга ваъда қилинган вақт бор. У келганда ундан ўзга паноҳгоҳ топмаслар.
(59) Ана у шаҳарларни ҳам зулм қилганларида ҳалок этганмиз ва уларнинг ҳалокатларига вақт белгилаганмиз.
(60) Мусо ўз йигитига: «Икки денгиз жамланган жойга етмагунимча, йилларни ўтказсам ҳам, юравераман», деганини эсла. («Мусо Бани Исроил орасида бир куни хутба қилиб турганида, одамларнинг қайсиниси энг илмли, деб сўралди. У: «Мен», деди. Аллоҳ уни илмни ўзига нисбат бергани учун итоб қилди. У Мусога: «Икки денгиз қўшилган жойда менинг бир бандам бор. У сендан илмлироқ», деди. Мусо: «Эй Роббим, мен уни қандай топаман?» деди. Аллоҳ: «Ўзинг билан бир балиқни саватга солиб ол. Балиқни қаерда йўқотсанг, уни ўша ерда топасан», деди». Шундан кейин Мусо (а. с.) йўлга тайёргарлик кўрдилар ва хизматкор йигитларига юқоридаги оятда келган азму қарорни айтдилар. У киши ўзларидан илмлироқ бандани топиш учун икки денгиз жамланган жойга боришга қарор қилган эдилар.)
(61) Икковлон икки (денгиз) жамланган жойга етганларида, балиқларни унутдилар. Бас, у денгизни тешиб йўл олди. (Мусо (а. с.) хизматкор йигит билан юриб-юриб, икки денгиз қўшиладиган жойга етиб келдилар. Ўша жойда саватда олиб келган балиқларини унутиб қўйдилар. Балиқ эсларига келмади. Яна юриб кетавердилар. Яъни, балиқ денгизни тешиб сузиб кетди. Яъни, балиқ сузиб кетган жой тешик бўлиб сувсиз ҳолга келиб қолди. Уни кўрган одам, бу ердан бир балиқ сузиб ўтибди, деган хулосага келадиган бўлди.)