(44) Биз Мусога ишни ҳукм қилган пайтимизда сен ғарбий томонда эмас эдинг ва гувоҳлардан ҳам бўлмагансан. ( Эй Муҳаммад! Мусога Пайғамбарликни, Таврот ва унинг ҳукмини берган пайтимизда Тур тоғининг ғарбий томонида йўқ эдинг. Бу ишга гувоҳлардан ҳам бўлмагансан.)
(45) Лекин Биз бир неча асрларни пайдо қилдик, бас, уларнинг умри чўзилди. Сен Мадянда туриб, уларга оятларимизни тиловат қилиб берганинг йўқ. Аммо Биз Пайғамбар юборгувчи бўлдик.
(46) Биз нидо қилган чоғимизда Турнинг ёнида йўқ эдинг. Лекин Роббингдан раҳмат сифатида сендан олдин огоҳлантиргувчи келмаган қавмни огоҳлантириш учун (қиссаларни сенга билдирдик). Шоядки эсласалар. (Яъни, Биз Мусога Тур тоғининг ёнида нидо қилганимизда сен у ерда йўқ эдинг. Аммо Биз у ерда бўлиб ўтган қиссани сенга билдирдик. Бу иш сендан олдин огоҳлантиргувчи-Пайғамбар келмаган қавмни огоҳлантиришинг учун Роббингнинг сенга берган раҳматидир. Шоядки ушбу қиссалар таъсирида улар эслашлари лозим бўлган нарсаларни эсга олсалар.)
(47) Агар уларга қилмишлари туфайли мусибат етганида: «Эй Роббимиз, бизга Пайғамбар юборганингда эди, оятларингга эргашар эдик ва мўминлардан бўлар эдик», демасалар эди.
(48) Қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ келганида, улар: «Унга ҳам Мусога берилган нарса берилса эди», дедилар. Улар илгари Мусога берилган нарсага куфр келтирмаган эдиларми?! Улар: «Икки сеҳр ўртага чиқди, бир-бирига ёрдам бермоқда, биз ҳар бирига куфр келтиргувчимиз», дедилар. (Ҳа, Муҳаммаддан (с. а. в.) илгари улар Мусога алайҳиссалом тушган нарсага ҳам куфр келтирган эдилар. Энди бўлса, Муҳаммадга (с. а. в.) иймон келтирмасликларига Мусога алайҳиссалом берилган нарсага ўхшаш нарса у кишига берилмаганини сабаб турибдилар. Улар «икки сеҳр» деб Таврот билан Қуръонн назарда тутишяпти. Таврот ҳам, Қуръон ҳам сеҳрдир, улар бирга ўртага чиқиб, бир-бирига ёрдам бермоқда, биз ҳар иккисига ҳам куфр келтирувчилармиз, дейишяпти.)
(49) Сен: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузуридаги у иккисидан кўра тўғрироқ бир китоб келтиринг, мен унга эргашаман», дегин.
(50) Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавои нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавои нафсига эргашгандан кўра ҳам гумроҳроқ кимса борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас. (Қуръонга эргашмаган ҳар бир кимса ҳавои нафси йўлида юрган бўлади. Ҳавои нафси ихтиёридаги ҳар бир кимса дунёдаги энг гумроҳ кимсадир. Агар бунга эътироз бўлса, Қуръондан кўра тўғрироқ китобни келтирсин!)