(57) Ёки: «Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта, тақводорлардан бўлар эдим», демасидан олдин...
(58) Ёки азобни кўрган чоғида: «Агар менга яна бир марта ортга (дунёга) қайтиш бўлганида, гўзал амал қилгувчилардан бўлар эдим», демасидан олдин... (Охират азобини, ўлим талвасасини кўргандан кейинги надоматлар фойда бермайди. Ҳақ калом етиши билан дарҳол тавба қилиш, Аллоҳга тўла-тўкис таслим бўлиш ва Қуръонга эргашиш керак. Чунки, охиратда ушбу сўзларга жавобан Аллоҳ:)
(59) «Йўқ! Батаҳқиқ, сенга Менинг оятларим келди. Бас, сен уларни ёлғонга чиқардинг, мутакаббирлик қилдинг ва кофирлардан бўлдинг!» дейди. (Эй кофир! Эй мушрик! Эй осий! Айтаётган гапларинг ҳаммаси ёлғон. Сен азобни кўрганингдан сўнг ноилож қолиб, дўппинг тор келганидан айтмоқдасан бу гапларни. Агар сенинг ниятинг тўғри бўлса, у дунёда яхши ишларни қилишинг мумкин эди. Сенга қулай фурсат берилган эди.)
(60) Қиёмат куни Аллоҳга нисбатан ёлғон сўзлаганларни кўрсанг, юзлари қоп-қорадир. Ёки мутакаббирларнинг жойи жаҳаннамда эмасми?!
(61) Аллоҳ тақво қилганларга ютуқлари туфайли нажот берур. Уларга ёмонлик етмас ва улар хафа ҳам бўлмас.
(62) Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратгувчисидир. Ва У ҳар бир нарсага вакилдир.
(63) Осмонлару ернинг калитлари Унгагина хосдир. Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлар, ана ўшалар зиёнкорлардир.
(64) Сен: «Эй жоҳиллар! Мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишимга буюрурмисиз?!» деб айт.
(65) Батаҳқиқ, сенга ва сендан олдин ўтганларга ҳам: «Агар ширк келтирсанг, албатта, амалинг беҳуда кетур ва, албатта, зиёнкорлардан бўлурсан.
(66) Йўқ! Аллоҳгагина ибодат қил ва шукр этгувчилардан бўл!» деб ваҳий қилинган.
(67) Улар Аллоҳнинг қадрини тўғри тақдирламадилар. Ҳолбуки, ер борлигича Унинг сиқимидадир. Осмонлар эса, Унинг қудрат қўлига йиғилгандир. У зот улар ширк келтираётган нарсалардан пок ва юксакдир. (Бу дунёда Аллоҳга ширк келтирганлар Аллоҳ таолонинг қандай зот эканини тўғри тақдир қилмадилар. Улар Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига ибодат қилмаётганлари, Унга ширк келтираётганлари шунга далолатдир. Аллоҳнинг ваҳдониятини ҳам, Аллоҳнинг улуғлигини ҳам идрок қилмадилар. Улар Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодирлигини англамадилар. Агар шу маъноларни идрок қилганларида унга ширк келтирмас эдилар.)