(31) У: «Эй элчилар! Сизнинг ишингиз надир», деди.
(32) Улар: «Албатта, биз жиноятчи қавмга юборилганмиз.
(33) Уларнинг устидан лойдан (пиширилган) тошларни ташлаш учун.
(34) Роббинг ҳузурида исрофчилар учун белгилаб қўйилган(тош)ларни», дедилар.
(35) Ва Биз у жойдан мўминларни чиқардик.
(36) У ерда бир хонадондан бошқа мусулмонларни топмадик.
(37) Ва у ерда аламли азобдан қўрқадиганлар учун белги қолдирдик.
(38) Ва Мусода ҳам. Биз уни Фиръавнга равшан ҳужжат ила юбоганимизда...
(39) У юз ўгириб, ишонгани томон юрди ва: «Бу сеҳргар ёки мажнундир», деди.
(40) Бас, Биз уни ва аскарларини тутиб денгизга ташладик ва у маломатга лойиқ иш қилувчи эди.
(41) Ва Одда ҳам (белги) бор. Вақтики, Биз уларга туғмас шамолни юбордик. (Одатда, шамол ёмғир ёғишига сабаб бўлади. Од қавмига келган шамол эса уларга ёмғир эмас, бало-офат, ҳалокатни олиб келган, шунинг учун унинг туғмас, яъни бефойда деб сифатланяпти.)
(42) У қайси нарсага етиб борса, титиб ташламасдан қўймас.
(43) Ва Самудда ҳам (белги) бор. Уларга вақтинчалик маза қилиб туринглар, дейилган вақтда...
(44) Аллоҳнинг амридан бош тортдилар, бас, қараб турган ҳолларида уларни қаттиқ овоз тутди.
(45) Бас, улар ўринларидан туролмадилар ва ёрдам ҳам ололмадилар.
(46) Ва бундан аввал Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок этганмиз). Албатта, улар фосиқ қавм эдилар.
(47) Осмонни Ўз қудратимиз ила бино қилдик. Албатта, Биз кенг қилувчимиз.
(48) Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрловчимиз!
(49) Ва Биз ҳар бир нарсани жуфт яратдик. Шоядки эсласангиз.
(50) Бас, фақат Аллоҳгагина қочинг. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман. (Одатда инсон хавфу хатардан, бало-офатдан қочади. Бу оятда тилга олинган хавф-хатар - динсизлик, ғафлат ва осийликдир, ундан қочиш гуноҳ ва ҳаром ишларни тарк этиб, Аллоҳга илтижо этиш билан бўлади. Аллоҳга қочишда инсон учун улуғ саодат ва мартаба бордир.)
(51) Ва Аллоҳга бошқа маъбудни шерик қилманглар. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман.