(78) У: «Менга у фақат ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир», деди. У, албатта, Аллоҳ ундан олдинги асрларда ундан кўра қувватлироқ, ундан кўра кўпроқ (мол) тўплаганларни ҳалок этганини билмасмиди?! Гуноҳкорлардан гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмас.
(79) Бас, у (Қорун) қавми ҳузурига зебу зийнати ила чиқди. Ҳаёти дунёни хоҳлайдиганлар: «Қани энди бизга ҳам Қорунга берилган нарсадан бўлса эди. Ҳақиқатда у улуғ насиба эгасидир», дедилар. (Молу дунёсига ишониб мутакаббирлик билан ғурурга кетган, дунёда бузғунчилик қилишга уринган, ношукр одамга фақат ҳаёти дунёни ўйлайдиган кишиларгина ҳавас қилиши мумкин. Ушбу дунёнинг беш кунлик матоҳига эришишдан бошқа мақсади йўқларгина ўша туғёнкор, бузғунчига ўхшаган бўлишни орзу қилиши мумкин. Ана ўшаларгина ғурурга кетган мазкур мутакаббирни «улуғ насиба эгаси, дейиши мумкин.)
(80) Илм берилганлар эса: «Вой бўлсин сизларга! Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун Аллоҳнинг савоби яхшидир. Унга фақат сабр қилганларгина эришурлар», дедилар.
(81) Бас, Биз уни ва унинг ҳовли-жойини ерга ютдирдик. Унга Аллоҳ (азоби)дан ёрдам берадиган гуруҳ ҳам бўлмади, унинг ўзи нусратга эришгувчилардан ҳам бўлмади. (Ҳаммаси оддийгина тугади. Қорунни ҳам, ҳовли-жойини ҳам ер ютди-қўйди. Қорун ҳам, унинг бойликлари ҳам, кибру ҳавоси ҳам йўқ бўлди-кетди. Қорунга Аллоҳнинг азоби келганида унга ёрдам берувчи топилмади. Унинг ўзи ҳам илми ила, молу дунёси ила ўзини қутқариб қола олмади.)
(82) Ва кечагина унинг маконини орзу қилаётганлар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига ризқини кенг ёки тор қиладиганга ўхшайдир. Агар Аллоҳ бизга лутф қилмаганида, бизни ҳам ерга ютгизар эди. Воажаб, кофирлар нажот топмайдиганга ўхшайди-ку!» дейишга ўтдилар. (Ҳаёти дунёга берилган ғофилларнинг кўзи шунга ўхшаш фалокатлар вақтида очилиши мумкин. Қорунни ва унинг ҳовли-жойини ер ютганидан кейингина унга ҳавас қилаётган ҳаёти дунё ихлосмандларининг кўзи очилди.)
(83) Ўша охират диёрини Биз ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир. (Ўша илмлилар айтган охират диёрини ер юзида Қорун каби такаббурлик ва бузғунчилик қилмаганлар, уларнинг ер юзида бўлишини истамайдиганларга берамиз. Ким тақводор бўлса, оқибат яхши бўлади.)
(84) Ким бир яхшилик келтирса, унга у(яхшилиги)дан кўра хайрлироқ (мукофот) бор. Ким бир ёмонлик келтирса, ёмонлик қилганлар фақат қилганларига яраша жазоланурлар. (Яъни, яхшиликнинг савоби кўпайтириб берилади. Ёмонлик эса, ўз ҳолича жазога тортилади. У кўпайтирилмайди.)