(67) Қачон сизни денгизда фалокат тутса, Ундан ўзга илтижо қиладиганларингиз ғойиб бўлур. Қачонки сизга нажот бериб қуруқликка чиқарса, юз ўгирасиз. Инсон ўзи куфрон(и неъмат) қилгувчидир.
(68) Сизни қуруқликнинг бир томонига ютқазиб юборишидан ёки устингиздан тошли шамол юборишидан, сўнгра ўзингизга қутқарувчи топа олмай қолишингиздан хотиржаммисиз?!
(69) Ёки сизни у(денгиз)га яна бир марта қайтариб, устингиздан шиддатли шамол юбориб, куфр қилган нарсангиз сабабли ғарқ қилиб юборишидан ва сиз ўзингизга Биздан ўч олувчи топа олмай қолишингиздан хотиржаммисиз?!
(70) Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик. (Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир. Лекин бу афзалликнинг жавобгарилиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади.)
(71) Биз барча одамларни ўз имомлари ила чақирадиган кунни (эсла). Кимга китоби ўнг томонидан берилса, бас, ана ўшалар китобларини ўқирлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас. (Аҳли жаннатларнинг, яъни, жаннатга элтувчи амал қилиб ўтганларнинг номаи аъмол китоби ўнг томонидан берилади. Ана ўшанда улар амаллари битилган китобларини мароқ билан ўқийдилар. Ёруғ дунёда ана шундай ишлар қилиб яшаганларидан мамнун бўладилар. Уларга ажру савоблар тўлалигича берилади, заррача зулм қилинмайди.)
(72) Ким бу дунёда кўр-гумроҳ бўлса, у охиратда янада кўр-гумроҳ ва янада йўлдан адашганроқ бўлади.
(73) Сени Биз ваҳий қилган нарсадан фитна орқали буриб, Бизнинг шаънимизга бошқасини уйдиришингга ундашларига оз қолди. Шундай бўлган тақдирда, албатта, сени дўст тутар эдилар. (Мушриклар турли йўллар билан Муҳаммадни (с. а. в.) Аллоҳ юборган ваҳийдан буриб юборишга кўп уриниб кўрганлар.)
(74) Агар Биз сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлса-да, мойил бўлишингга оз қолар эди.
(75) Шундай бўлган тақдирда биз сенга ҳаёт (азобини) ҳам икки ҳисса, мамот (азобини) ҳам икки ҳисса тоттирган бўлардик. Сўнгра Ўзинг учун бизга қарши ёрдамчи топа олмас эдинг.