(11) Пайғамбарлари уларга: «Биз сизга ўхшаш башардан ўзга ҳеч нарса эмасмиз. Лекин Аллоҳ Ўз бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга (Пайғамбарлик) инъом қилур. Биз ўзимизча сизга бирор ҳужжат келтира олмаймиз, илло Аллоҳнинг изни ила. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар. (Яъни, бу гапингиз тўғри. Биз фаришта ҳам ёки бошқа бир олий мақомли алоҳида зот ҳам эмасмиз. Бироқ бу дегани одам зотидан Пайғамбар бўлиши мумкин эмас деган гап эмас. Тўғри, биз башармиз.)
(12) Нима учун биз Аллоҳга таваккал қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Бизга берган озорларингизга, албатта, сабр қиламиз. Таваккал қилувчилар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», дедилар.
(13) Куфр келтирганлар ўз Пайғамбарларига: «Албатта, биз сизларни еримиздан чиқариб юборамиз ёки, албатта, миллатимизга қайтасизлар», дедилар. Бас, Роббилари уларга: «Албатта, Биз золимларни ҳалок қилурмиз.
(14) Ва улардан сўнг у ерга сизни жойлаштирурмиз. Бу эса, мақомимдан хавф қилганлар ва таҳдидимдан қўрққанлар учундир», деб ваҳий қилди. (Аллоҳ таоло, Пайғамбарларнинг кўнгилларини тинчлантириб, башорат берди. Золимлар албатта ҳалок бўлишини таъкидлади. »Золимлар« деганда кофирлар кўзда тутилади. Чунки куфр энг катта зулмдир. Ўша кофир золимларни ҳалок этгандан сўнг у ерга сизларни, яъни, Пайғамбарларни ва уларга эргашган мўмин-мусулмонларни жойлаштирамиз, деди. У ерга кимки менинг мақомимдан қўрқса, ўзидан кетиб ҳаддидан ошмаса, ўша жойлашади, деди.)
(15) Фатҳу нусрат сўрадилар ва ҳар бир жабрчи, саркаш кимса ноумидликка учради.
(16) Унинг ортида жаҳаннам бордир. Йиринг сув ила суғориладир.
(17) Уни ютишга уринади-ю, юта олмас. Унга ҳар томондан ўлим келади-ю, ўла олмас. Унинг ортидан эса, қаттиқ азоб бор. (Жаҳаннамда уларга алвон-алвон азоблар берилади. Жумладан, ўша жабрчи-саркаш жаҳаннам оловида ёниб-чанқаб сув сўраганида, унга йиринг берилади. Йирингни оғизга олишнинг ўзи қаттиқ азоб. Уни чанқоқбосди учун ичиш икки карра азоб, уни юта олмай қийналиш азобдир. Ўлимни ўйлашнинг ўзи бир азоб. Ўлимнинг келиши баттарроқ азоб. Энди такрор ва такрор ўлим келиб туриб ўла олмаслик мислсиз азобдир.)
(18) Роббиларига куфр келтирганларнинг амалларининг мисоли, худди бўронли кунда шамол учириб кетган кулга ўхшайдир. Улар ўз касбларидан бирор нарсага эга бўлмаслар. Ана ўша узоқ адашувнинг ўзидир. (Ҳар қандай амал, агар эгасида кофирлик бўлса, бехудага айланади. Кофирлик ҳар қандай яхши амални худди кулга ўхшатиб кераксиз қилиб қўяди. Чўғи йўқ кул бефойда нарсага айланиб, уни шамол тўзитиб учириб кетганидек, кофирларнинг амаллари ҳам бехуда кетади. Улар турли амалларни қилишлари мумкин, аммо фойда ола билмайдилар.)